Жиззах шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги муносабати билан ёш ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Конституция – билимдони” кўрик-танлови ўтказилди.
Тадбир Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Ёшлар ишлари бошқармаси ҳамда Шароф Рашидов номидаги ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.

Танловнинг асосий мақсади ёшларнинг Конституция ва миллий қонунчилик бўйича назарий билимларини мустаҳкамлаш, сиёсий-ҳуқуқий жараёнларга онгли муносабатини шакллантириш, ижтимоий фаоллигини ошириш ва иқтидорли ёшларни аниқлашдан иборат бўлди.
Ушбу платформа иштирокчиларга ўз билим ва салоҳиятини намоён этиш, амалиётдаги кўникмаларини ривожлантириш имконини яратди.

Беллашувда Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисмлар, фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Миллий гвардия, божхона бошқармаси, қўриқлаш хизмати, Мудофаа ишлари ҳузуридаги ҳарбий-техник мутахассислар тайёрлаш маркази курсантлари, шунингдек, бир қатор олий таълим муассасалари талабалари иштирок этишди.

Танловда 15 нафар иштирокчи “Савол-жавоб”, “Тест синовлари” ва “Тезкор савол-жавоб” йўналишларида билимини синовдан ўтказди.
Қизғин баҳс ва мунозараларга бой тарзда ўтган танлов натижаларига кўра, ҳарбий ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар вакиллари ўртасида биринчи ўринни вилоят божхона бошқармаси капитани Шерали Муяссаров қўлга киритди. Иккинчи ўрин ҳарбий-техник мутахассисликлар марказининг курсанти Ёрбек Умирзоқовга, учинчи ўрин эса Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарувчиси Достон Исмоиловга насиб этди.

Талабалар ўртасидаги беллашувда биринчи ўрин Жиззах давлат педагогика университети талабаси Зухра Тугаловага берилди. Иккинчи ўринни Sambhram университети талабаси Дурдона Холмўминова, учинчи ўринни эса Ўзбекистон Миллий университети Жиззах филиали талабаси Элнура Эргашева қўлга киритди.
Ғолиблар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ёшлар ишлари бошқармаси томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари