Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан мулоқоти бутун жамиятимиз учун муҳим воқеа бўлди. Ушбу учрашув “Адолат” социал-демократик партиясининг дастурий тамойиллари ҳисобланган ижтимоий адолат, ёшларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳар бир фуқаро учун тенг имкониятлар яратиш каби устувор йўналишларни тўлақонли акс эттирди.

Парламент вакиллари сифатида биз муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва уни адолатли рағбатлантиришнинг принципиал аҳамиятини изчил ҳимоя қилишга интиламиз. Шу боис ҳам Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун аввал йўналтирилган 400 миллион долларга қўшимча равишда яна 200 миллион доллар ажратиш ташаббусини алоҳида мамнуният билан қабул қилдик. Зеро, бу минглаб ёшларга ўзини кам даромадли ёлланма ишчи кучи сифатида эмас, балки иқтисодий ҳаётнинг мустақил субъекти сифатида намоён этиш имконини берадиган бандликнинг реал механизмини яратиш жараёнларини кучайтиришни англатади.
“Келажак тадбиркори” дастури доирасида ёш тадбиркорларга 7 йил муддатгача 15 фоизли кредит ажратиш, айниқса, бизнес бошлаётганларга гаровсиз кредитлар бериш ташаббуси ёш сайловчиларимиз биз билан учрашувлар чоғида зарурлигини таъкидлаётган ижтимоий йўналтирилган сиёсатнинг амалий намунаси бўлди.
Шу нуқтаи назардан, биз учун принципиал аҳамиятга эга бўлган бир жиҳатга эътибор қаратишни лозим деб ҳисоблайман. Учрашувда таъкидланганидек, Ўзбекистон меҳнат бозорига ҳар йили 600 минг нафар ёш кириб келмоқда, 2030 йилга бориб эса бу кўрсаткич бир миллионга етади. Албатта, тадбиркорлик бандликнинг муҳим йўналиши ҳисобланади, лекин у объектив сабабларга кўра ёшларнинг барча қатламларини қамраб ололмайди. Мулоқотда маълум қилинганидек, ёшларнинг учдан бири тадбиркор бўлишни истайди. Демак, давлат сиёсати иқтисодиётнинг реал секторида муносиб иш ўринларини яратиш, ёш мутахассисларга адолатли ҳақ тўланишини таъминлаш ва уларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳам эътибор қаратиши лозим. Ўз навбатида, ушбу йўналишда депутатлик фаолиятини ҳам кучайтириш муҳим аҳамиятга эга.
Мамлакатимизнинг олис ҳудудларидаги ўқув марказларини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чора-тадбирлар кўрилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бундай марказлар ўқитувчилари учун солиқ юки камайтирилгани, коммунал харажатлар қопланаётгани ва фоизсиз ссудалар берилаётгани давлатимиз сифатли таълим олишдаги ҳудудий тенгсизликни бартараф этишга интилаётганини кўрсатади. Чунки инсон қаерда туғилгани унинг келажагини белгиламаслиги керак. Бугун биз ушбу тамойил амалда ўз ифодасини топаётганига гувоҳ бўляпмиз.
Жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган ёшларни ижтимоий реабилитация қилишга қаратилган “Иккинчи имкон” лойиҳаси гуманистик, социал-демократик қадриятларга мос келадиган ташаббусдир. Зеро, ҳар бир инсон ҳаётини тиклаш учун яна бир имконият олишга ҳаққи бор. Давлат эса бунинг учун реал шароитлар яратиб бермоқда.
Умуман олганда, Президентнинг ёшлар билан мулоқоти Ўзбекистонда таълим, касб-ҳунарга ўқитиш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, волонтёрлик, тадбиркорлик ва бошқа соҳалардаги ёшлар муаммоларини ҳал этишга тизимли ёндашилаётганидан далолат беради. Қонунчилик палатаси депутатлари белгиланган чора-тадбирлар ҳар бир йигит-қизга амалда етиб бориши устидан назоратни таъминлаб, илгари сурилган ташаббусларнинг қонунчилик асосларини мустаҳкамлашга бундан буён ҳам фаол кўмаклашишга тайёр. Бу ишлар ёшларнинг қаерда яшаши, ижтимоий келиб чиқиши ва оиласининг моддий аҳволидан қатъи назар амалга оширилади. Ана шундагина адолат шунчаки шиордан ҳар бир йигит-қиз ҳаётидаги амалий тамойилга айланади.
Н.Рашидова,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати.
ЎзА