Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар ҳарбий қисмда яратилган шароитлар билан танишди
12:13 / 2021-06-16

Ёшлар ойлиги тадбирлари доирасида Бухоро гарнизонидаги ҳарбий қисмда очиқ эшиклар куни бўлиб ўтди. Унда ҳарбийлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Бухоро шаҳридаги "Ғунча болалар оромгоҳи" тарбияланувчилари тадбир доирасида ҳарбий қисмда бўлди. Тадбирда болажонлар ҳарбий қисм ётоқхонаси, маданий ҳордиқ чиқариш хонаси, жанговар машиналар парки, кутубхона, спорт шаҳарчаси ҳамда аскарлар ошхонаси билан таништирилди.

– Ҳарбий қисмдаги шароитларни кўриб мен ҳам акаларимга ўхшаган ҳарбий бўлишни ўзимга мақсад қилдим, – дейди шаҳардаги 9-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Севинч Жўраева. – Юртбошимиз томонидан Ватан ҳимоячилари учун яратилган шароитларни кўриб ҳавасим янада ортди. Айниқса, уларнинг жанговар тайёргарлиги, маънавий саводхонлигини ошириш борасида олиб борилаётган кенг қамровли ишлар менда катта таассурот қолдирди.

– Ёшлар ойлиги доирасида кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда, – дейди Бухоро гарнизони кичик сержанти Толибжон Йўлдошев. – Мақсадимиз ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни она Ватанга бўлган муҳаббатини янада оширишдан иборат. Тадбирда ёшлар ҳарбийлар томонидан ўтказилган мастер-классда ҳам қатнашди.

Вилоятда ёшлар ойлиги тадбирлари давом этмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА