Ҳарбий прокуратура ташаббуси билан “Ватан таянчи” ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати аъзолари билан “Янги Ўзбекистон ёшлари – келажак бунёдкорлари” мавзусида ватанпарварлик тадбири ўтказилди.
“Ҳарбий прокуратура билан бир кун” шиори остида ўтган тадбир Ўзбек тили байрами арафасида ташкил этилгани билан алоҳида аҳамиятга эга бўлди.
Эрта тонгдан юзга яқин ўқувчи ота-оналар ва ўқитувчи-мураббийлар ҳамроҳлигида Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратурасида тантанали кутиб олинди.
Дастлаб очиқ мулоқот ўтказилиб, Бош прокурор ўринбосари –Ҳарбий прокурор О.Холбоев ёшлар билан бевосита мулоқот қилди.

Ёшлар Ҳарбий прокуратура музейи, ахборот-ресурс маркази ва маънавият бурчаги билан яқиндан танишди. Айниқса, жадид прокурорлар ҳамда Янги Ўзбекистон прокуратура органларининг бугунги қиёфаси, мавжуд шароитлар ва имкониятлар ҳақидаги маълумотлар уларнинг прокуратура ҳақидаги тасаввурларини янада бойитди.
Иштирокчилар Мирзо Улуғбек тумани мудофаа ишлари бўлимида чақирилувчилар билан рақамли ишлаш ва тиббий кўрик, шунингдек, туманнинг 148-сонли мактабидаги “Жасорат синфи” мисолида жорий ўқув йилидан юртимизда ташкил этилган “Жасорат синфлари”, улардаги таълим жараёни ва шароитлар билан таништирилди.
Ёшларнинг Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетида ўтказган вақтлари эса курсантлар ҳаёти билан уйғунлашиб кетди. Самимий суҳбатлар байрамона дастурхон атрофида ҳам давом этди.
Замонавий шароитлар, ўқув ва амалий машғулот хоналари, кутубхона, музей ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси уларнинг ҳарбийликка бўлган иштиёқини янада мустаҳкамлади.
“Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида ёшлар Ҳарбий прокуратура, Ҳарбий суд, Қуролли Кучлар вазирлик ва идоралари раҳбарияти билан биргаликда “Миллат фидойилари” хотирасига эҳтиром кўрсатди.
“Прокурор ва ёшлар” учрашувида таълим, ҳарбий олийгоҳларга киришдаги имтиёзлар ҳақида маълумот берилди.
Фаол ёшлардан бир гуруҳига имтиёзли ваучерлар топширилди. Барча иштирокчиларга эсдалик совғалар, бадиий китоблар ҳамда ҳарбий таълим муассасалари ҳақидаги ва бошқа фойдали маълумотлар электрон манбалари жамланган буклетлар тарқатилди.
Н.Абдураимова, ЎзА