Миллий гвардия Маънавият ва маърифат марказида ҳамкор ташкилотлар билан ёшлар ўртасида гиёҳвандликка қарши курашишга қаратилган “Ёшлар гиёҳвандликка қарши форум-2026” тарғибот тадбири ташкил этилди.
Тарғибот тадбирида баркамол авлод вакилларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларни турли зарарли иллатлардан асраш ҳамда соғлом ҳаёт тарзига жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Форумда иштирок этган Миллий гвардия, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Миллий медиа бирлашмаси, Мактаб ва мактабгача таълим вазирли, Ёшлар ишлари агентлиги, Юнусобод тумани ҳокимлиги ва ҳамкор ташкилотларнинг мутасаддилари гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари, унинг ёшлар ҳаёти ва келажагига етказадиган зарари ҳақида атрофлича маълумотлар бериб ўтди.

– Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 27 январь куни Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўтказилган видеоселектор йиғилишида уюшган жиноятчилик, кибержиноятчилик, гиёҳвандлик ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш борасида алоҳида вазифалар белгилаб берилганди. Ушбу тадбирдан кўзланган мақсад ҳам айни масалаларнинг долзарблигини аҳоли ўртасида, ёшлар орасида кенг ёйишга қаратилди. Бундан ташқари, зарарли одатлар фаровон ва осойишта ҳаётимиз, келажагимиз душмани эканлиги аниқ мисоллар билан кўрсатиб ўтилди. Ўйлайманки, очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбир ёшларнинг тафаккурини янада кенгайтириш билан бирга, ёт ғояларга қарши курашишда етарлича билим ва тушунчага эга бўлишига хизмат қилди, – дейди Миллий гвардия қўмондони ўринбосари, полковник С.Мамаюсупов.

Тадбирда статистик маълумотлар ва профилактик тавсиялар тақдим этилди. Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ёт ғоялар, турли зарарли иллатлардан ҳимоя қилиш, келажакка бўлган масъулиятни ошириш масалаларига эътибор қаратилди.
Т.Рўзиев, ЎзА