Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашида «Республика ёшлари онлайн форуми» ўтказилди. Унда партиянинг «Ёшлар қаноти» фаоллари, Ёшлар парламенти аъзолари, ёш депутатлар ҳамда жойлардаги фаол ёшлар иштирок этди.
Форумни партия Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов кириш сўзи билан очар экан, мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шароит ва имкониятлар яратиш борасида қатор ишлар амалга оширилаётганини, жорий «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастурида ҳам муҳим вазифалар белгиланганини қайд этди.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглиги, манзилли қўллаб-қувватлаш ва фаолликни рағбатлантириш каби устувор ғоялари ёшлар манфаатларига ҳар томонлама уйғундир. Шунинг учун партиянинг дастур ва лойиҳаларини такомиллаштиришда, янги ташаббусларни илгари суришда, ижтимоий масалаларга янгича ечимлар топишда ёшларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари ниҳоятда муҳим эканига урғу берилди.
Онлайн форумда 14 та ҳудудий студиядан уланган йигит-қизлар турли мавзу ва масалалар бўйича таклиф ва ташаббусларини билдирди. Масалан, фарғоналик ёшлар қатор қонун ҳужжатларини кодификациялаб, ягона «Ёшлар кодекси»ни қабул қилиш таклифини билдирган бўлса, қорақалпоғистонлик ёшлар ҳудудларда таълим сифатини ошириш, бухороликлар медиасаводхонликни ривожлантириш ва медиатаълимни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Шунингдек, навоийлик ёшлар экологик тоза бинолар қуриш ва чиқиндиларни қайта ишлашни ривожлантириш, хоразмлик фаоллар эса иқтисодиёт тармоқларида тежамкор ва юқори самарага эга инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш йўналишлари юзасидан тақдимотларини асослаб берди. Самарқанд вилояти вакилларининг ҳаракатланишда махсус аравачалардан фойдаланувчиларни туризмга жалб қилиш борасидаги аниқ таклифлари ҳам ўзига хослиги билан эътиборга молик.
Фаол ёшларнинг илгари сурган ҳар бир ғоя ва ташаббуси партия ташкилотлари ва депутатлик корпуси фаолиятини кучайтиришда долзарб аҳамиятга эга бўлиши таъкидланди.
Ёшлар форуми ҳудудлар вакилларининг ўзаро таклиф ва фикр-мулоҳаза алмашишлари учун алоҳида платформа бўлди. Ёшлар қатор таклифларини билдириш билан бирга, ўзларини қизиқтирган саволларига ҳам жавоблар олди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА