Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар форуми бўлиб ўтмоқда
11:43 / 2021-12-20

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги томонидан «Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021» ҳафталигининг очилиш маросими ва форумга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев «Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021» доирасида амалга ошириладиган лойиҳалар ҳамда форумнинг расмий сайтига йўлланган таклифлар статистикаси ва уларнинг истиқболи хусусида тақдимот қилди.  

Таъкидланганидек, 2021 йил давомида эришилган натижалар сарҳисоби ва истиқболдаги режаларни белгилаш ҳамда Янги Ўзбекистон стратегиясини ҳаётга татбиқ этишда ёшларнинг фаоллигини ошириш мақсадида ташкил этилган мазкур форум жорий йилнинг декабрь ойи давомида нафақат мамлакатимиздаги, балки хориждаги ёшларимизни ҳам қамраб олишни мақсад қилган катта миқёсдаги тадбирлар мажмуидир. Форум доирасидаги республика тадбирлари ёшларнинг таклифларидан келиб чиқиб, ҳудудларнинг ихтисослиги бўйича жойларда ташкил этилмоқда.  
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида беш ташаббус, Андижонда тадбиркорлик, Бухорода интеллектуал ўйинлар, Жиззахда волонтёрлик ва меҳр-саховат, Қашқадарёда ахборот технологиялари, Навоийда медиа, Наманганда китобхонлик, Самарқандда хорижий тиллар, Сирдарёда миллатлараро тотувлик, Сурхондарёда миллий қадриятлар, Фарғонада ҳунармандчилик ва миллий ўйинлар, Хоразмда туризм ва санъат, Тошкент вилоятида спорт ва Тошкент шаҳрида илм-фан йўналишларида лойиҳаларнинг республика босқичлари ўтказилмоқда.  


«Ўзбекистон ёшлар форуми – 2021» доирасида биринчи бор ёшларнинг таклиф ва ташаббусларини ўрганиш мақсадида “yoshlarforumi.uz” платформаси орқали таклифларни юбориш тизими жорий этилди. Бугунги кунга қадар платформа орқали ёшлардан 7 минг 600 га яқин таклиф келиб тушди, 2 минг 824 та таклиф кенг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди. Йўналишлар кесимида «Фан ва таълим» – 1 минг 291 та, «Беш муҳим ташаббус» – 347 та, «Ёшлар бандлиги ва ижтимоий ҳимояси» – 429 та, «Ёшлар ҳуқуқлари ва глобал муаммолар» йўналишида 757 та таклиф ёшлар ўртасида муҳокама қилинмоқда.  


Лойиҳа давомида 18-25 декабрь кунлари бутун юртимиз миқёсида, қолаверса хориждаги 6 та давлат, хусусан, Жанубий Корея, Туркия, Германия, Буюк Британия, АҚШ ва Россия Федерациясидаги Ўзбекистоннинг элчихоналари кўмагида 1,2 минг нафар хорижда ишлаётган ва ўқиётган ёшлар иштирокида учрашувлар ўтказилади.  
– Ҳафталик доирасида ўтказиладиган йирик тадбирлардан яна бири «Ўзбекистон учун 100 ғоя» танловининг республика босқичи ҳисобланади, – деди Ёшлар ишлари агентлиги директорининг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси Нодиржон Абдуқодиров. – Очилиш маросими аввалида бир нечта лойиҳаларнинг Республика босқичи ўтказилди. Хусусан, Инновацион ўқув ва ишлаб чиқариш технопаркида «Ўзбекистон учун 100 ғоя» танловининг якуний босқичи ўз ишини бошлади. Бунда турли йўналишлар кесимида 245 та тақдимот намойиш этилди. Якунда энг илғор 100 нафар ёшлар ғолиб деб топилади. Ғолиблар ўз ғояларини ҳаётга татбиқ этиш имконини қўлга киритади ҳамда уларнинг лойиҳалари «Ўзбекистон учун 100 ғоя» махсус альбомига киритилади.  
Шунингдек, ҳафталикнинг илк кунида «Қизлар овози» форумининг навбатдаги мавсуми ўтказилди. Унда «Қизлар овози» клубининг 2021-2022 йиллардаги фаолияти учун бир йиллик муддатга координаторлар сайланди.  
Пойтахтимиздаги «Ғалаба боғи»да минг нафар ёшлар билан бирга қуролли кучлар тизимида хизмат қилаётган ёш ходимларнинг парадлари, ҳарбий-техник кўргазмалар ва қатор ҳарбий ватанпарварлик тадбирлари ҳам форум доирасидаги тадбир ҳисобланади.  
Форумнинг расмий ёпилиш маросими 25 декабрь куни бўлиб ўтиши режалаштирилган.  
Форум доирасида барча қўшимча маълумотларни телеграмдаги @yoshlarforumi канали орқали, шунингдек, Ёшлар ишлари агентлигининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали олиш мумкин.  

 

Гулноза Бобоева, ЎзА