English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар фестивали Сирдарёда байрамона руҳда ўтди
12:42 / 2025-09-22

Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида ёшларнинг билим ва иқтидорини намоён этиш, спорт ва маданий ҳаётдаги фаоллигини оширишга қаратилган “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида Ёшлар фестивали ўтказилди.

Эрта тонгда “Саломатлик учун 5000 қадам” акцияси билан старт олган фестивалда талаба-ёшлар қаторида шаҳар аҳолиси ҳам фаол иштирок этди. Дўстлик канали бўйлаб амалга оширилган ушбу тадбирда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, юртдошларни саломатликка эътиборли бўлишга чорлаш асосий мақсад қилиб қўйилди.

Фестиваль доирасида Сирдарё вилоят Ёшлар марказида талабалар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди. Унда Гулистон давлат университети, Гулистон педагогика институти, Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали ва бошқа таълим муассасалари ёшлари ўзаро беллашдилар. Натижада Гулистон давлат университети жамоаси ғолибликка эришди.

Гулистон истироҳат боғида спортнинг стол тенниси, шашка, армрестлинг ва камондан ўқ отиш турлари бўйича мусобақалар қизғин тарзда кечди. “Беш ташаббус хиёбони”да эса шахмат бўйича “Маҳалла еттилиги кубоги” ташкил этилди. Ёшлар нафақат ўзининг жисмоний тайёргарлиги ва маҳоратини намоён этди, балки ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликка ҳам муносиб ҳисса қўшишди.

Фестиваль жараёнида турли маданий-маърифий тадбирлар ҳам ташкил этилди. Жумладан, “Ёш рассомлар кўргазмаси”, битирувчи талабалар ва ишсиз ёшлар учун “Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси” катта қизиқиш уйғотди. Вилоятдаги куч тузилмалари ҳарбий техника ва қурол-яроғлар кўргазмасини намойиш этишди. Шунингдек, “Mutolaa”, “UstozAI”, “Ibrat farzandlari”, “Uzchess” каби лойиҳалар доирасидаги турли машғулотлар ёшларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилди.

Кечга яқин эса ёш ва истеъдодли санъаткорлар иштирокида гала-концерт бўлиб ўтди. Унда Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Ёшлар ишлари, Спорт ва Маданият бошқармалари, таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этиб, мазкур фестиваль ёшлар иқтидорини намоён этиш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

– Ёшлар фестивали — бу нафақат спорт ва маданий тадбирлар майдони, балки ёшларимиз ўз ғоя ва ташаббусларини амалда кўрсатиши учун катта имкониятдир. Энг муҳими, бу каби тадбирлар ёшлар ўртасида соғлом рақобат, дўстлик ва Ватанга садоқат туйғуларини мустаҳкамлайди, – деди Сирдарё вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Мирқодир Саъдуллаев.

Фестивалда фаол қатнашган Гулистон педагогика институтининг 4-босқич талабаси Шоҳжаҳон Ҳамдамов эса ўз таассуротлари билан ўртоқлашди: – Бугунги фестиваль биз ёшлар учун ҳақиқий байрам бўлди. Спорт мусобақаларида ўзимизни синаб кўрдик, маданий тадбирларда ижодкорлигимизни намоён этдик. Энг муҳими, бу ерда биз билим, иқтидор ва дўстлик орқали бир-биримизни қўллаб-қувватлашни ўргандик.  

Фестиваль якунида “Заковат” ўйини ва спорт мусобақалари ғолиблари ҳамда фаол иштирокчиларга ташкилотчилар томонидан махсус сертификат, диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири