Самарқанд вилоятида "ёшлар ойлиги" доирасида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида ўтказилиши режалаштирилган фестиваллар олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида бу йилги тадбирлар ҳақида маълумот берилди.
--Йилдан-йилга нуфузи ортиб бораётган мазкур фестивалнинг кўлами бу йил анча кенг, --деди Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Ҳусан Тўхтаев. --Жумладан, дастурларга “Мутолаа”, “Устоз” ҳамда “Ибрат фарзандлари” каби лойиҳалар тақдимотига бағишланган тадбирлар киритилган. Илк бор ўтказиладиган “Бизнес саёҳат” тадбирида тадбиркорликка қизиқувчи йигит-қизлар ҳар бир туманнинг энг фаол ёш тадбиркори фаолияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлади.
Аҳамиятлиси, 26-30 июнь кунлари республикамизда илк бор ўтказилаётган Бутунжаҳон ёшлар фестивали тадбирлари Самарқандда ҳам ўтказилади. Унда 150 давлатдан ёшлар вакиллари иштирок этиши кутиляпти.
"Ёшлар ойлиги" давомида вилоятдаги ота-она қарамоғисиз, чин етим 81 нафар йигит-қизга уй-жойлар топширилиши режалаштирилган.
Матбуот анжумани давомида журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди.
Бугун Иштихон туманида ёшлар фестивали тадбирлари ўтказилди.
Фестиваль туман раҳбарлари ва фаолларининг ёшлар билан бирга оммавий юриш марафони билан бошланди.
Шундан сўнг кун давомида маданий-маърифий тадбирлар, интеллектуал ўйинлар, спорт мусобақалари, раҳбар ва ёшлар учрашувлари бўлиб ўтди.
Кечки маданий дастурлар давомида иштихонлик фаол ёшлар туман ҳокимлиги томонидан рағбатлантирилди.
Ғ.Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари