Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар етакчиси ёшларга қанот
11:54 / 2025-10-29

Бугун энг олис ҳудудлардан тортиб шаҳар ва қишлоқларда яшаётган ёшларнинг муаммоларига, орзу-истакларига ечим топиляпти.

Уларга қанот бағишлаган куч эса шубҳасиз бу ёшлар етакчиларидир. Улар маҳалла ёшларининг тадбиркорлик ғояларини қўллаб-қувватлаш, спортни оммалаштириш, китобхонликни тарғиб қилиш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳуқуқий саводхонлигини оширишга ҳаракат қиляпти.

Ёшлар билан ишлаш, уларни таълим ва касбга йўналтириш борасида амалга оширилаётган турли лойиҳалар эса катта ўзгаришларга сабаб бўлмоқда.

Навоий шаҳрининг Олтин водий маҳалласида фаолият олиб бораётган Элёр Икромов ҳам ана шундай фаол ва ташаббускор ёшлардан биридир. У фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ ташаббускорлиги ва изланувчанлиги билан маҳалла ёшларининг чинакам етакчисига айланди. 

Бугунги кунда маҳаллада 14-30 ёш оралиғидаги ёшлар 1 241 нафарни ташкил этади. У ҳудуддаги ёшларни касбга йўналтириш орқали бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Бир сўз билан айтганда, маҳалладаги ёшларнинг бўш вақти унинг чинакам иш вақтига айланмоқда. 

Бугунги кунда тадбиркорлик тобора ривожланиб, у билан шуғулланувчилар сони ҳам йил сайин ошиб бормоқда. Қолаверса, бу йўналиш аҳоли асосан ёшлар бандлигини таъминлашда муҳим ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда маҳаллада ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган.

У “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда ёшларга имтиёзли кредитлар ажратиб, тадбиркорлик фаолиятларини бошлашларига кўмаклашмоқда. Кўплаб ёшлар эса касб-ҳунарга йўналтирилмоқда. 

– Жорий йилда маҳалламизда фаолият юритаётган ёшлар етакчисининг кўмаги билан 100 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олдим, – дейди Сабрина Файзуллаева. – Бу маблағ орқали мультимедия хизматлари кўрсатувчи фаолиятни йўлга қўйдим. Юртимизда биз, ёшлар учун яратилаётган имконият ва имтиёзлардан самарали фойдаланмоқдаман. Ҳозирги кунда ўз тенгдошларимдан уч нафари доимий иш билан таъминланган. Келгусида фаолиятимни янада кенгайтириб, янги иш ўринларини яратишни режалаштирганман.

Бугунги кунда маҳаллада Элёр Икромов ташаббуси билан эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун бепул инглиз тили курси ташкил этилган. 

– Ҳар бир бола тенг имкониятга эга бўлиши керак. Кам таъминланган оилалар фарзандларига ҳам янги олам эшикларини очиш биз, ёшлар етакчиларининг вазифасидир. Бу курслар орқали ўғил-қизларга фақат тил ўргатиш билан чекланиб қолмаймиз, уларнинг келажак ҳақидаги тасаввурларини ҳам ўзгартиришни мақсад қилганмиз, – дейди лойиҳа ташаббускори. 

Айни вақтда курсларда дарс ўтаётган малакали устозлар замонавий методика ва интерактив ёндашув асосида таълим бермоқда. Болаларнинг ўзлаштириш даражасига қараб, гуруҳларга ажратилган ҳолда индивидуал ишлаш тизими йўлга қўйилган. Бунда нафақат грамматик билимлар, балки мулоқот, тинглаш ва эркин фикрлаш кўникмаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Илгарилари инглиз тилини ўрганиш орзуим эди, лекин қиммат курсларга бора олмасдик. Энди эса ҳар куни бу ерга иштиёқ билан келаман. Келажакда таржимон ёки ўқитувчи бўламан, – дейди Руслан Маҳмудов.

– Қизим Шаҳзода ва ўғлим Алишер шаҳардаги 8-умумий ўрта таълим мактабида таҳсил олади, – дейди Дилшода Нажимова. – Иккаласи ҳам инглиз тилини чуқур ўрганишга ҳавасманд. Аммо ўзимиз ижарада турганлигимиз боис, болаларимизни қўшимча дарсларга бериш имкониятимиз йўқ эди. Ёшлар етакчиси ташаббуси билан йўлга қўйилган чет тилларини ўрганиш курслари эса фарзандларим учун яхши, қулай имконият бўлди. 

Таъкидлаш ўринлики, жорий йилда маҳаллада истиқомат қилувчи 50 нафар ёш турли олий таълим муассасасини битирган бўлса, барчасининг бандлиги таъминланди.

Хуллас, бугун маҳаллалардаги ёшларнинг ҳеч бири эътибордан четда эмас. Улар ҳар куни қайсидир юмуш ёхуд қайсидир спорт тури бўйича ўтказилаётган мусобақада иштирок этиш билан банд. 

А.Бўриев, ЎзА