Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Ёшлар ишлари агентлиги томонидан “Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда маҳалладаги ёшлар етакчиларининг ўрни” мавзуидаги республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Конференция ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда маҳалладаги ёшлар етакчиларининг ўрни, соҳада учраётган муаммолар ва тизим самарадорлигини янада ошириш истиқболларини муҳокама қилиш ҳамда такомиллаштириш юзасидан илмий-амалий таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 20 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, республикамиздаги ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди. Тадбирда қайд этилганидек, қарорга кўра, маҳалладаги ёшлар етакчилари айни кунларда “Ёшлар баланси”ни шакллантириш, ёшлар тўғрисидаги зарур маълумотларни “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар портали” электрон платформаларига киритиб бориш, улар билан самарали ишлаш тизмини йўлга қўйди.
[gallery-6647]
– Ҳудудларда “хонадонбай” ёшлар билан ишлаш тизимининг жорий этилаётгани бежиз эмас, – деди Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Жамшид Хўжаев. – Чунки, жойларда ёшларни қийнаётган муаммоларни билиш ёки уларнинг иқтидор ва истеъдодларини кашф этиш бўйича мазкур янги тизим ўзининг натижасини бериши керак. Ёшлар етакчиси бир хонадонга кирдими, ўша хонадонда бир ўзгариш бўлиши керак! Имконияти чекланган ёшларни ҳам алоҳида ёшлар етакчилар орқали қамраб олиб, уларнинг яшаш шароитларини ўрганиш, талаб ва истакларини ўз вақтида бажариш бўйича ташаббус кўрсатишлари лозим.
Маҳаллаларда ёшлар билан ишлашда “Ёшлар баланси” шакллантирилди. Шу балансга асосан жойларда ким қандай шароит ва имкониятга эга эканлиги аниқланди. Шунингдек, “Ёшлар дафтари” орқали ҳам қанчадан-қанча ёшларимизни қийнаб келаётган муаммолар бартараф этилди. Конференцияда ёшлар етакчиларининг ўз вазифасини янада чуқурроқ ўрганишлари учун тушунчалар берилди. Тадбирда узоқ маҳаллалардаги ёшлар етакчилари жойларда ташкил этилган ҳудудий студиялардан иштирок этдилар. Конференция якуни бўйича илмий-амалий материаллар тўплами чоп этилади ва фойдаланиш учун етказилади.
Конференция иши ялпи мажлис ва шўъбалар доирасида амалга оширилиб, унда ёшларга оид давлат сиёсатини “маҳаллабай” жорий этиш механизмлари, “Беш муҳим ташаббус”ни амалга ошириш масалалари, “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар баланси” билан ишлаш, ёш лидерларни тайёрлаш ва миллий кадрлар захирасини шакллантириш ҳамда ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда “маҳаллабай” ишлаш тизимининг ўрни каби масалалар муҳокама қилинди.
Гулноза Бобоева, Носиржон Ҳайдаров,(сурат) ЎзА