Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилган "Беш ташаббус" лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган барча тадбирлар ўзининг долзарблиги билан жуда аҳамиятлидир.
Ёшларни китоб мутолаа қилишга чорлаш ва уларнинг китоб ўқишлари учун шароит яратиб бериш каби эзгу ишлар Сирдарё вилоятининг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Ховос туманида ҳам тобора кенг қулоч ёйяпти.

Ховос туманида туман ҳокими бошчилигида секторлар раҳбарлари томонидан тумандаги 28 та маҳаллада фаолият юритаётган ёшлар етакчиларига 20 донадан, жами қиймати 22 миллион сўмлик китоб жамланмалари берилди.

Секторлар раҳбарлари томонидан тақдим этилган китоблар ёшлар етакчиларининг маънавий-интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга, уларда китобхонлик маданияти ва сардорлик фазилатлари шаклланиши, дунёқарашини кенгайтиришга, ёшлар билан ишлаш самарадорлигини оширишга ёрдам беради.


Китоблар тақдимотида ёшлар етакчилари туман ҳокими ва секторлар раҳбарларига ўз миннатдорчиликларини билдириб, китоб мутолааси орқали онгу тафаккурини янада ошириб, ўрганганлари асосида ишни ташкил этишга ваъда беришди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири