Жиззах вилоятининг Зомин туманида жойлашган “НКМК” сиҳатгоҳида Навоий кон-металлургия комбинати бошланғич ташкилот етакчилари учун лидерлик қобилиятини ривожлантириш, ёшлар билан ишлаш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган ўқув-амалий семинари ўтказилди.
Унда олтмиш нафарга яқин бошланғич ташкилот етакчилар иштирок этди.

Дастлаб иштирокчилар “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” лойиҳаси доирасида Самарқанд вилоятида бўлиб, Имом ал-Бухорий, Ҳазрати Хизр, Регистон, Ислом Каримов уй-музейи ва бошқа тарихий мажмуа ҳамда обидаларни зиёрат қилди.
– Бугунги кунда комбинат тизимида 12,5 минг нафардан зиёд ёшлар меҳнат қилмоқда, – дейди комбинат ёшлар етакчилари Кенгаши раиси Санжар Ражабов. – Ёшлар етакчилари дунё сайёҳлари ва жамоатчилигини ўзига жалб этиб келаётган Имом ал-Бухорий мажмуасини зиёрат қилди. Самарқанд шаҳрида жойлашган муқаддас қадамжоларда бўлди. Саёҳат давомида улар ислом дунёсида машҳур бўлган улуғ олим ва аллома ҳақида, қадимий обидалар ҳақида керакли бўлган маълумотларга эга бўлди.

Бундан бир неча йил аввал комбинат томонидан барпо этилган 150 ўринли “НКМК” санаторийси гўзал табиат, азим тоғлар, арчазорлар бағрида жойлашган. Бу маскан улкан корхона ишчи-ходимлари билан бир қаторда, мамлакатимиз зиёли ижодкорларига ҳам хизмат кўрсатиб келмоқда.
Ушбу санаторийда семинарнинг асосий тадбирлари бўлиб ўтди.

Тадбирларда 2025 йилда “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти тизимида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш механизми, маънавий-маърифий ва спорт тадбирларини ташкил этиш юзасидан маълумотлар берилди.

– Бу манзил ўзининг пурвиқор тоғлари, бетакрор табиати ва шифобахш хусусиятлари, дам олиш учун замонавий шароитлари билан нафақат юртдошларимизни, балки дунё сайёҳларини ҳам ўзига ром этиб келмоқда, – дейди Марказий кон бошқармаси ёшлар етакчиси Саодат Бобоёрова. – Ҳавоси тоза ва мусаффо. Ҳар қандай инсон руҳиятига тетиклик бағишлайди. Икки кун давомида биз нафақат фаолиятимизга оид билимларимизни мустаҳкамладик, балки машғулотлардан кейин маданий тадбирлар ташкиллаштириб, дам ҳам олдик. Бизга мана шундай имкониятларни яратиб берган комбинат раҳбарияти ва ташаббускорларга раҳмат.

Барча машғулотлар тренинг шаклида ўтказилиб, назарий тушунчалар амалий машғулотлар билан мустаҳкамланиб борилди.
Албатта, бу каби тадбирлар ёшлар етакчиларининг йил давомида юқори кайфият билан ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишида муҳим ўрин тутиши билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири