Самарқанд вилоятидаги касбий таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида “Сиз экологияга оид қонунларни биласизми?” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 31 майдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, жамиятда ёшларнинг экологияга оид ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириб бориш, қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш мақсадида 2025 йилдан бошлаб юртимиздаги умумий ўрта таълим мактаблари юқори синфлари ва касбий таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида “Сиз экологияга оид қонунларни биласизми?” республика кўрик-танлови ўтказилмоқда.

Бу йил мазкур танловнинг қуйи босқичлари Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Бош прокуратура, Олий таълим, фан ва инновациялар ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари ҳамкорлигида барча таълим муассасалари, туман ва шаҳарларда юқори савияда ташкил этилди.

Айни пайтда танловнинг вилоят босқичлари ўтказилиб, жорий йилнинг март ойида ўтказиладиган республика босқичида иштирок этадиган ғолиб жамоалар сараланмоқда.

Самарқанддаги касбий-таълим муассасалари ўртасидаги танловнинг вилоят босқичида туман ва шаҳар босқичида ғолиб бўлган 16 жамоа қатнашди. Жамоалар тўрт шарт бўйича беллашиб, ўз ҳудудларининг экологик ҳолати ва аҳолининг экомаданияти ҳақида маълумот бериш, экологияга оид қонунчилик ҳақидаги билимларини намойиш этиш билан бирга, экология соҳасини ривожлантириш бўйича “Энг яхши экологик лойиҳа”ларини тақдим этди.

Жамоаларнинг чиқишлари соҳа мутахассислари ва ҳуқуқшунослардан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан муносиб баҳоланди.
Танлов натижаларига кўра, Пайариқ туманидаги 1-техникумнинг “ECО табиат” жамоаси биринчи ўринни қўлга киритиб, республика босқичига йўлланма олди. Самарқанд илғор касбий маҳорат техникумининг “Экойўл” ҳамда Каттақўрғон шаҳар 1-техникумнинг “Табиатсевар” жамоалари кейинги совринли ўринларни эгаллади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари