Инсонларнинг экологик маданияти юксак бўлиши — кундан-кунга мураккаблашиб бораётган экологик муаммоларни бироз бўлса-да юмшатишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам аҳоли қатламлари, айниқса, ёшларнинг экомаданиятини оширишга, атроф-муҳитга бўлган муносабатини яхшилашга қаратилган қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши ташаббуси билан қатор таълим муассасаларида ёшларни экологик ҳуқуқ ва манфаатларидан хабардор қилиш ҳамда уларнинг бу борадаги маданиятини юксалтиришга қаратилган туркум учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.
Ана шундай очиқ мулоқотнинг навбатдагиси Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида "Ёшлар, экология ва қонунчилик" мавзусида бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси бўлим бошлиғи Шаҳноза Умархўжаева, Юнусобод туман раиси Шоҳиста Абдуқодирова ҳамда университетнинг профессор ўқитувчилари талаба ёшларга зарур тушунчаларни берди.
Тадбирда мамлакатимизда экологик барқарорликка эришишда ёшларнинг билим ва кўникмаларини бойитиш, уларнинг табиатга бўлган муносабатини яхшилаш муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.
Ёшларга экология соҳасида амалга оширилаётган ишлар, қонунчиликдаги янгилик ва ўзгаришлар, қабул қилинган янги қарор ва фармонлар тўғрисида маълумот берилди. Ўз навбатида, ёшларнинг фикр-мулоҳазалари, бугунги экологик муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлари тингланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА