Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар экология ва аёл қадри ҳақида мулоқот қилишди
16:50 / 2026-03-05

Ўзбекистон Экологик партияси Сирдарё вилояти Кенгаши ташаббуси ҳамда Гулистон давлат университети ҳамкорлигида университетнинг фаоллар залида “Табиат ва аёл – асровчи икки муқаддас қудрат!” мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Мазкур тадбир ёшлар ва талабаларни экологик онгни юксалтириш, асраш ҳамда аёлларнинг жамиятдаги ўрни ҳақида фикр алмашишга кенг жалб этиш мақсадида ташкил этилди.

Тадбирда Табиий фанлар факультети декани, профессор-ўқитувчилар, вилоят ва шаҳар Кенгаши депутатлари ҳамда фаол талаба-ёшлар иштирок этдилар. Учрашувда сўзга чиққан Ўзбекистон Экологик партияси Сирдарё вилояти Кенгаши раиси Ойбек Каримов аёл ва табиатнинг узвий боғлиқлигига алоҳида урғу берди:

–  Аёл — ҳаёт манбаи, табиат эса тириклик бешиги. Уни  асраш қандай муқаддас бурч бўлса, аёлни эъзозлаш ҳам шундай улуғ қадриятдир. Баҳор фасли ер юзини яшнатгани каби, аёл ҳам жамиятни меҳр, сабр ва оқилалик билан безайди. Биз экологик маданиятни, аввало, оиладан, оналар тарбиясидан бошлашимиз зарур.

Тадбирда таъкидланганидек, табиат ва аёл — ҳаётни уйғотувчи, уни юксалтирувчи қудратдир. Баҳорда ҳар бир дарахтга янги ҳаёт бахш этилгани каби қизлар ва аёллар ҳам жамиятга гўзаллик, поклик ва янги имкониятлар олиб кирадилар. Уларнинг қалби осмон янглиғ кенг, туйғу, орзулари беғубор, интилишлари эса янги очилган куртакдек умидбахшдир. Аёл меҳридан куч олган жамият ҳеч қачон кам бўлмайди, уни асраган халқ эса ўзини  асраган бўлади.

Учрашув давомида экологик онгни юксалтириш, соғлом турмуш тарзи ҳамда аёлларнинг жамиятдаги ўрни ҳақида очиқ мулоқотлар бўлиб ўтди. Ёшлар ўз фикр ва ташаббусларини билдириб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чиқиндиларни саралаш, кўкаламзорлаштириш ва экологик лойиҳаларни амалга ошириш йўналишларидаги таклифларини илгари сурдилар.

Учрашув якунида “Экология ва саломатлик” аёллар клуби ҳамда  университет хотин-қизлар қўмитаси раиси Нигора Султонова Ўзбекистон Экологик партиясининг Сирдарё вилояти Кенгаши томонидан эсдалик совғаси ва ташаккурнома билан тақдирланди. Бу эътироф унинг аёллар саломатлиги, экологик маданият ҳамда маънавий-маърифий ишлар йўлидаги самарали фаолиятига берилган муносиб баҳо бўлди.

– Мазкур учрашув экологик онгни юксалтириш, ёшларда табиатга нисбатан масъулиятли муносабатни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга. Аёллар эса нафақат жамиятда, балки оила тарбиясида ҳам етакчи куч ҳисобланади, –  деди  Нигора Султонова.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири