Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар экологик муаммоларга ечим излашмоқда (+видео)
18:46 / 2025-06-01

Бўстонлиқ туманидаги “Ёшлар оромгоҳи”да “Эко-оромгоҳ–2025” дастури доирасида “Экология билимдонлари” кўрик-танлови ўтказилди.

Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган 14 та жамоа 4 шарт бўйича беллашди. 

Танлов экологик билимлар, иқлим ўзгариши, сув ресурсларини тежаш, чиқиндиларни бошқариш каби муҳим йўналишлар бўйича ёшларнинг билим ва салоҳиятини оширишга қаратилган.

“Танлов доирасида ёшларимизнинг экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши, сув танқислиги, биохилма-хилликни сақлаш, умуман, долзарб экологик муаммолар борасидаги билимлари синовдан ўтказилди” дейди, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги бўлим бошлиғи — Зарина Абдуллаева. 

“Қувонарлиси, ҳар бир ёш авлод бу борада етарлича билимга, кўникмага эга. Танлов давомида биз мураккаб деб ҳисоблаган саволларга ҳам тўғри ва пухта жавоб беришди, экологик муаммолар бўйича бир қатор аҳамиятли таклифларни илгари суришди”.

Биринчи шартда жамоалар ўз ҳудудларидаги экологик муаммоларни ҳал этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан таништиришди. Иккинчи шарт савол-жавоблардан иборат бўлиб, иқлим ўзгариши, чиқинди муаммоси, сув танқислиги, глобал исиш, озон қатламининг емирилиши каби мавзуларни қамраб олди. Ёшлар нафақат билимлари билан, балки муаммоларга ечим сифатида билдирган ғоя ва фикрлари билан ҳам ажралиб туришди.

Учинчи шартда эса жамоалар чиқиндилардан тайёрланган фойдали буюмларни намойиш қилишди. Хусусан, Хоразм вилояти жамоасининг эко-фаввораси, Қорақалпоғистон Республикаси вакилларининг шиналардан ясалган буюмлари, елим пакетлардан тайёрланган либослар, Наманган вилоятининг болалар учун мўлжалланган ўйинчоқлари иштирокчилар ва ҳакамлар ҳайъатида илиқ таассурот қолдирди.

Тўртинчи шартда ҳар бир жамоа ўз Кенгашлари фаолиятини акс эттирган видеороликларини тақдим этишди.

Танлов якунида Самарқанд вилояти жамоаси ғолиб деб топилди. Хоразм вилояти иккинчи, Қорақалпоғистон Республикаси ва Фарғона вилояти жамоалари эса учинчи ўринни эгаллашди.

“Биз учун энг муҳими – янги маълумотларга эга бўлдик, билимларимизни янада мустаҳкамладик” дейди, Самарқанд вилояти иштирокчиси, Ёш экологлар ҳаракати Кенгаши раиси — Ферузжон Тошпўлатов. 

“Танлов давомида бошқа жамоалар тажрибасидан ўргандик, республикадаги экологик вазиятлар билан танишдик. Энг муҳими, нафақат ўз ҳудудимиз, балки бутун минтақани ташвишга солаётган экологик муаммолар ечими бўйича режалар белгилаб олдик”.

Ёшларнинг экологик онги ва маданиятини юксалтириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш, биохилма-хилликни асраш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича хабардорлигини оширишда шу каби танловлар муҳим ўрин тутади.

Экология вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, айни пайтда “Эко-оромгоҳ–2025” экологик таълим ва маърифат дастури доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/rhxMgZfNirQ" title="Yoshlar ekologik muammolarga yechim izlashmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

М.Эшмирзаева, ЎзА