Самарқанд шаҳрида Марказий Осиё ёшлари дўстлик ва мустаҳкам қўшничилик форуми иш бошлади.
Форум Конрад Аденауэр номидаги жамғарма бошчилигидаги консорциум билан уч мамлакатдаги ҳамкорлар – Ўзбекистондаги “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Қирғизистоннинг “BIOM” экологик ҳаракати ҳамда Тожикистондаги “Гендер ва тараққиёт” жамоат ташкилоти томонидан амалга оширилаётган “Марказий Осиёда бағрикенглик ва тинчлик йўлида трансчегаравий кўп томонлама мулоқот” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Тадбирда Марказий Осиё давлатларидан юзга яқин ёшлар ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этмоқда.
Форумнинг очилиш маросимида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов, Конрад Аденауэр номидаги жамғарма лойиҳа раҳбари Игорь Брыжатый ва жамғарма вакиллари бугунги мураккаб даврда дунёда, хусусан, Марказий Осиё халқлари ўртасида яқин қўшничилик, дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш жуда муҳимлигини таъкидлади. Бу жараёнда, айниқса, ёшларнинг, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг фаол иштирок этаётгани эътиборлидир.
[gallery-10949]
– Лойиҳанинг мақсади – бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик, радикаллашувнинг олдини олиш, миллатлараро низолар сабаблари ҳақида аҳоли хабардорлигини ошириш, маҳаллий фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, ёшлар ташаббуслари, уларнинг трансчегаравий мулоқот иштирокчилари бўлишлари учун имкониятлар яратиш, – дейди Б.Бекмуродов. – Бу борада Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида ўзаро ҳамкорлик ҳамда кўп томонлама трансчегаравий мулоқотни мустаҳкамлаш кўзла тутилган.
Уч кунлик форум доирасида халқаро дебат турнирлари, таълим ва ахборот сессиялари, ёшлар ўртасида мулоқот ва ҳамжиҳатликни ривожлантирувчи трансчегаравий лойиҳа ғояларини ишлаб чиқиш учун “хакатон” ўтказилади.
Халқаро экспертлар оммавий ахборот воситалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларига киберманипулятор ҳийлаларига берилмаслик, ижтимоий тармоқлардаги бузғунчи ғояларга қаршилик кўрсатиш, оммавий ахборот воситаларида тинчликпарварлик ва бағрикенглик ғояларини тарғиб қилиш йўлларини тушунтирмоқда. Шу асосида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда “Дунё элчилари” деб номланган ёшлар гуруҳлари тузилади.
Ўзбекистонда – Фарғона давлат университети қошида ва Қирғизистонда – Ўш давлат университети қошида Дўстлик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик марказлари очилади. Бу марказларда мақсадли мамлакатлардаги ёшларга таълим ва мунозара майдончалари яратилади. Фарғона водийсида конструктив трансчегаравий мулоқотни ривожлантириш ҳамда маҳаллий ҳамжамиятлардан жалб этилган мутахассисларнинг малакасини ошириш мўлжалланган. Бундан ташқари, лойиҳа доирасида уч давлатнинг чегарадош ҳудудларида яшовчи ёшлар, жамоатчилик фикри етакчилари, журналист ва блогерлар учун медиасаводхонлик ва танқидий фикрлашни ривожлантириш, ижтимоий тармоқларда фейк ахборотлар тарқалишининг олдини олиш, нафрат тили, кибербуллинг, уларга жавоб қайтариш бўйича туркум тренинглар ўтказилади.
Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА