Мамлакатимизда 2024 йил “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилиниши бежиз эмас. Ўзбекистон аҳолисининг 70 фоизга яқини ёшлардан иборат. Бу йилнинг “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” дея номланиши ҳам ёшларга янада куч-қувват, илҳом бағишлайди ва уларни янгидан-янги марраларни эгаллаши учун имконият тақдим этади.
Ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Уларнинг ўқиб, касб эгаллаши учун барча шароитлар яратиб берилган.
Ҳар бир ёш чет элда ўқишни, дунёнинг нуфузли университетларида таҳсил олишни, малака оширишни орзу қилади, албатта. “Эл-юрт умиди” жамғармаси эса анча йиллардан бери ёшларнинг бу орзуларини амалга ошириб келмоқда. Ўтган 2023 йилда ҳам “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан илғор хорижий давлатлар нуфузли университетлари ва илмий марказларида бакалавриат, магистратура ва докторантурада таълим олиш учун 345 ўринга мўлжалланган 2-очиқ стипендия танлови эълон қилинган эди. Унда бакалавриат таълим дастури учун 22 ўрин, магистратура таълим дастури учун 193 ўрин ҳамда докторантура таълим дастури учун 130 ўринга стипендия ажратилган.
Шаҳзод Шералиев “Эл-юрт умиди” жамғармасининг 2023 йилги 2-очиқ стипендия танловида муносиб қатнашган ва юқори баллар тўплаган ҳамда “Жамғарма стипендиати” деб эътироф этилган омадли ёшлардан бири. Шаҳзод Буюк Британиянинг Суонси университетига магистратура босқичида ўқиш имконини қўлга киритди.
– Мен логистика йўналишида мутахассис бўлиб етишишни ва келажакда Ўзбекистонда логистика йўналишини ривожлантиришга ёрдам беришни мақсад қилганман, – дейди Шаҳзод Шералиев. – Бу йўналиш нафақат хорижий давлатларда, балки Ўзбекистонда ҳам тобора кенгайиб бормоқда. Барчамизга маълум, мамлакат ижтимоий-иқтисодий муносабатларини тартибга солишда логистика инфратузилмасини ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этади. Ўзимнинг севимли касбимни эгаллашда ривожланган давлатларнинг тажрибалари билан ўртоқлашиш менга завқ беради. Бугун Президентимиз ташаббуси билан ҳар бир ҳудуд, вазирлик ва идоралар тизимида ёшлар билан ишлаш бўйича янгича ёндашув жорий этилмоқда. Ёшлар орасида эса кучли билимга ва интеллектуал салоҳиятга эга бўлганлар кўпчиликни ташкил қилади. Бу эса соғлом рақобат муҳитини яратади. Ўзимга берилган имкониятлардан албатта самарали фойдаланаман. Келгусида Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган кадр бўлишга ҳаракат қиламан.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА