Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлардан 1 минг 694 нафари ишли бўлди
21:17 / 2021-08-10

Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 48 та маҳаллада 44 минг 200 дан зиёд оилаларда 175 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда аҳолининг, хусусан, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларнинг турмуш фаровонлиги ва яшаш шароитларини яхшилаш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, бандлигини таъминлаш орқали даромадларини ошириш, камбағалликдан чиқариш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилнинг биринчи ярмида Марҳамат туманида ана шу тоифага кирувчи фуқароларни янги корхоналарни ташкил этиш, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш, деҳқончилик қилиш учун буғдойдан бўшаган ерлардан ажратиб бериш ҳисобига, энг аввало, уларнинг бандлигини таъминлаш, шу орқали даромадларини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

– Ўрганишлар натижасида жорий йил бошида тумандаги ишсиз, кам таъминланган фуқаролар аниқланиб, уларнинг 2 минг 748 нафари “Ёшлар дафтари”га, 2 минг 423 нафари “Аёллар дафтари” га киритилди, – дейди туман ҳокими Бобуржон Юлдашев. – Бундан ташқари, ишсиз, қийин шароитларда яшаётган 3 минг 382 нафар фуқаролар рўйхати шакллантирилди. Уларнинг бандлигини таъминлаш, даромадларини ошириш, турмуш шароитларини яхшилаш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди.

“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлардан 2 минг 66 нафарининг бандлиги таъминланди. Бундан ташқари, ишсиз 937 нафар аёлнинг 936 нафарига амалий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, 413 нафари доимий ишга жойлаштирилди, 87 нафари пул тўланадиган мавсумий ишларга жалб этилди, 7 нафарига субсидия ажратилди, 428 нафари эса мустақил равишда ўзини ўзи банд қилган.

Касб-ҳунарга ўқиш истагини билдирган 305 нафар аёлларнинг 304 нафари ўзлари истаган йўналиш бўйича ўқишга йўналтирилди. Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган 581 нафар аёлга ўз бизнесини йўлга қўйиш учун 7,6 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. Ўз томорқасидан фойдаланиб, даромад олиш истагидаги 245 нафар хотин-қизнинг 11 нафари 187 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит билан таъминланди.

“Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган, шунингдек, ишсиз, қийин шароитларда яшаётган 6 минг 547 нафар фуқарога буғдойдан бўшаган ер майдонлардан деҳқончилик қилиш учун 654,7 гектар ер майдони ажратиб берилди. Улар мазкур ер майдонларида деҳқончилик қилиб, ўз даромадларини ошириш имконига эга бўлди.

– Ишсизман, шу боис оилавий даромадимиз у қадар кўп эмас, – дейди тумандаги Гар-гар маҳалласи Боғиш кўчасида яшовчи Одинахон Жумабоева. – Буғдойдан бўшаган ердан деҳқончилик қилиш учун 10 сотих ер ажратиб берилди. Ҳозир шу ерда оиламиз билан деҳқончилик қиляпмиз. Турли полиз маҳсулотлари экканмиз, насиб этса, яхшигина даромад оламиз.

Олиб борилган юқоридаги каби ишлар натижасида биринчи босқичда “Аёллар дафтари”га киритилган 2 минг 423 нафар хотин-қизларнинг муаммолари ҳал этилиб, уларнинг 98,4 фоизи дафтардан чиқарилди. Тумандаги 37 нафар аёл ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлганлиги, моддий ва тиббий ёрдам кўрсатиш орқали давлат қарамоғига олиниб, дафтарда қолдирилди.

Ана шу давр мобайнида “Ёшлар дафтари”га киритилган 2 минг 524 нафар ёшлардан 1 минг 694 нафарининг бандлиги таъминланиб, дафтардан чиқарилди.Туманда “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган, шунингдек, қийин шароитларда яшаётган оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг даромадларини ошириш, турмуш фаровонлигини юксалтириш, ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашларини таъминлашга қаратилган юқоридаги каби ишлар изчил ва тизимли давом эттирилмоқда.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА