French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ёшлар дафтари”даги йигит-қизлар ҳайдовчиликка ўқитилмоқда
12:39 / 2021-05-01

Ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни она юртга садоқат, мард ва жасур қилиб камолга етказиш бугуннинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.

 Шу боис, бу борадаги тарғибот ва ташвиқот ишларини жадаллаштириш ўзининг ижобий самарасини беради.  

 Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Ҳазорасп автомобил мактабида очиқ эшиклар куни ташкил этилди. Шунингдек, мазкур муассасада тумандаги “Ёшлар дафтарига” киритилган ёшлар учун махсус ўқув курси ташкил этилди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш, маънан етук ва жисмонан соғлом шахсни камол топтириш соҳасида муайян ишлар амалга оширилди, спортнинг техник ва амалий турлари билан шуғулланиш учун қулай шарт-шароитлар яратилган.  

Буни Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти тизимидаги Ҳазорасп автомобил мактаби мисолида ҳам кўриш мумкин. Мазкур мактаб йилига бир ярим минг нафар ўқувчини деярли барча тоифадаги ҳайдовчилар сифатида тайёрлаш имкониятига эга. Таълим ташкилотида ўттизга яқин олий тоифали ўқитувчи ва усталар томонидан уларга бириктирилган йигирмадан ортиқ юк ва енгил автомобиллар, шунингдек энг замонавий ўқув ва машқ техникалари ёрдамида ўқувчиларга таълим берилмоқда.  

Эндиликда ушбу муассасада ёшлар учун вулканизатор устаси, авточилангар, автоэлектрчи, аккумляторчи, пайвандчи ва радиотелграфчилик касблари бўйича махсус ўқув курслари ташкил қилинди.  

Жорий йил 13 апрел куни давлатимиз раҳбари раислигида ёшлар сиёсатига оид вазифалар ижроси таҳлилига бағишланган видеоселекторда энг муҳим вазифа, аввало, ёшлар бандлигини таъминлаш, муносиб даромад олиши учун уларга шароит яратиб бериш лозимлиги таъкидланган эди. Шундан келиб чиққан ҳолда “Ватанпарвар” ташкилоти ҳам Ҳазорасп туманидаги “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни ҳайдовчиликка ўқитиш бўйича бепул ўқув курслари ташкил этди. Мазкур хайрли иш туман ҳокимлиги ҳамкорлиги ва ҳомийлиги остида амалга оширилди.  

– Туманимизда 5 минг 128 нафар ўғил қиз “Ёшлар дафтари”га киритилган, – дейди Ҳазорасп тумани молия бўлими бошлиғи Шуҳрат Жуманиёзов. – Уларнинг касб-ҳунарга, илмга бўлган қизиқишларини ўрганган ҳолда, келгусида ўз йўлини тўғри танлашга ёрдамлашамиз. Агар шу жараёнда моддий жиҳатидан қийналса, туман ҳокимлиги қошида ташкил этилган “Ёшлар дафтари” жамғармаси ҳисобидан белгиланган тартибда маблағ ҳам ажратамиз. Мана шу ҳайдовчиликка қизиққан 26 нафар ўғил-қизни ўқитиш учун автомабил мактаби ҳисобига 50 миллион 500 минг сўм маблағ ўтказиб берилди. Бу – шу йўналишда бошланган ишларимизнинг биринчи босқичи. Хайрли ишларимиз ҳали давом этади.

Уч ойдан сўнг ҳайдовчилик касбининг эгаси бўладиган йигитларга даставвал муассаса имкониятлари ва ўқув жараёнлари тартиби таништирилди.  

– Мазкур курсларда ёшларга ҳайдовчилик гувоҳномасини олишдан олдин йўл ҳаракати қоидаларини ўрганиш баробарида автомабил қисмларининг тузилиши бўйича ҳам назарий ва амалий билим берилади, – дейди Ҳазорасп автомобил мактаби бош мутахассиси Пўлат Норбоев. – Яқин кунларда ана шундай яна битта курсни ташкил қиламиз. Мазкур ўқув курсларини тугатган ўғил-қизлар “ВС” тоифасидаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлади.  

Очиқ эшиклар куни муносабати билан автомабил мактаби ҳовлисида тадбир ташкил этилди. Тадбир доирасида спортнинг техник ва амалий турлари бўйича кўргазма ҳам ташкил қилинди.  

– Мен ёшлигимдан автомобилларга қизиқаман, – дейди Асадбек Яқуббоев. – Ҳайдовчилик касбини эгаллашни хоҳлайман. Лекин, оилавий шароитим тўғри келмаганлиги сабабли ҳайдовчиликка ўқиб, гувоҳнома олишга маблағ йиға олмаётган эдим. Аслида мени маҳалламиздаги ишлаб чиқариш корхонасига ҳайдовчилик лавозимига ишга таклиф қилишган. Фақат ҳайдовчиликка ўқиб, гувоҳномасини олиб борсам бўлди.  

Мухтасар айтганда, мамлактаимиз барча ҳудудларида “Ёшлар дафтари”нинг юритилиши ҳар бир ўғил-қиз тақдири давлатимиз назоратида, эътиборида эканлигидан далолат. Ёшларни касбга, илмга йўналтириш эса мамлакатимизнинг буюк келажаги, халқимизнинг фаровон турмушини таъминлайди.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА