Мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этади. Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда ёшларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши, ўз салоҳиятини намоён этиши учун Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 20 апрелдаги “Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг тегишли ҳужжати қабул қилинди.
Тошкент давлат юридик университети жамоси ҳам мазкур ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлаб, амалий ишларга киришди. Шу мақсадда Юнусобод туманидаги бир қатор маҳаллалар ва мактаблар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Университет масъуллари уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида улар билан манзилли ишларни олиб бормоқда. Жумладан, Маъмурий ва молия ҳуқуқи кафедраси жамоаси Юнусобод туманининг Ҳусниобод маҳалласидаги “Ёшлар дафтари”га кирган шахсларга ҳуқуқий жиҳатдан ёрдам кўрсатмоқда. Бундан ташқари, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”да турган оилалар, аёлларнинг муаммолари ўрганилиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Аввало, маҳаллада уюшмаган ёшлар, “Ёшлар дафтари”га киритилган шахслар ҳамда маҳалланинг профилактика инпектори пробацияси рўйхатидаги ёшлар аниқланди. Улар билан якка тартибда муаммолари юзасидан суҳбатлар ўтказилди.
Шунингдек, кафедра томонидан ёшларнинг билим эгаллашга бўлган эҳтиёжи батафсил ўрганилди. “Инглиз тили”, “Немис тили”, “Тарих”, “Она тили ва адабиёт” фанлари бўйича маҳалла ҳамда университетда тўгараклар ташкил этилди. Ҳозир ўқитувчиларимиз томонидан интерактив усулларда дарс машғулотлари олиб борилмоқда.
Кафедра томонидан Тошкент давлат юридик университетининг маҳалладаги кутубхонаси ташкил этилди. Китобхонлик маданиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида интерактив усулда ўқиш имкониятини берувчи QR кодли китоблар жамланган флаерлар маҳалла ҳудудига кўзга кўринарли жойларга ўрнатилди. Натижада китобсевар маҳалладошлар ҳар қадамда китоб ўқиш имкониятига эга бўлди. Мазкур ташаббуслар ёшларнинг ёзги таътилини мазмунли ўтказишига ҳам хизмат қилмоқда.
Маҳалладаги уюшмаган ёшлар билан суҳбат қуриш асносида уларнинг спортга қизиқиши ҳам ўрганилди. Ҳозир маҳалла ёшлари иштирокида футбол тўгараги ташкил этилиб, Тошкент давлат юридик университетида “Ректор кубоги”ни ўтказишга тайёргарлик ишлари кўрилмоқда.
Доно халқимиз айтганидек, бир фарзандга етти маҳалла ота-она. Дарҳақиқат, олиб борилган амалий ишлардан кейин маҳаллада маънавий-маърифий ва спорт тадбирларида фаол қатнашаётган ёшларда шижоат, ғайрат ва умидни кўриш инсонга ўзгача завқ бағишлайди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ёшларга етказиш, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича зиёлилар ва илмий ҳамжамиятнинг ташаббускорлиги халқимиз манфаати, жамият равнақига хизмат қилади.
Шерзод Жўраев,
ТДЮУ маъмурий ва молия ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси.
ЎзА