Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ёшлар дафтари” жамғармасига маблағлар тўлиқ етказиб берилмаётган ҳолатлар бор
16:57 / 2025-10-07

Юртимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни даромадли қилиш мақсадида уларга ер ажратиб бериш амалиёти йўлга қўйилган эди. Ёшлар ишлари агентлиги томонидан деҳқончилик қилиш истагидаги 224 минг 182 нафар ёшлар рўйхати шакллантирилган. Ҳокимликлар захирасидаги 60 минг гектардан зиёд ер аукцион орқали 152 минг ёшларга фойдаланишга берилган.

“Ёш фермер” электрон платформаси ва мобиль иловаси орқали ёшлар фаолияти мониторинг қилиб борилади ва уларга агротаълим, маркетинг ва маҳсулот етиштириш бўйича маслаҳатлар берилади. Ёшлар учун “Фермерлар мактаби”да қисқа муддатли курслар ташкил этилмоқда.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугунги мажлисида айтиб ўтилди. Унда депутатлар Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаевнинг “Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли фойдаланиши ҳамда уларни касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиш ҳолати тўғрисида”ги парламент сўровига берилган жавобини кўриб чиқди.

Парламент сўровида депутатларнинг сайлов округларидаги учрашувлари ҳамда ҳудудларда ўтказилган назорат-таҳлил тадбирлари давомида аниқланган бир қатор масалалар, хусусан, “Беш ташаббус олимпиадаси”, рақамли бошқарув, “Ёшлар дафтари” фаолияти, ёшларга ер ажратиш ва фермерликни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан тушунтириш бериш сўралган эди. 

Жавобда келтирилганидек, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида 524 мингга яқин тадбир ташкил этилган. Маҳаллаларда ўтказилган мусобақаларда 8 миллионга яқин ёшлар фаол иштирок этган. Олимпиада ғолиблари орасида 17 нафар ёшлар давлат мукофотлари билан тақдирланган, уларнинг маҳаллаларида эса 969 та янги спорт майдончалари қурилиб, фойдаланишга топширилган. “Ёш китобхон” танлови доирасида 4,7 миллиондан ортиқ ёшлар иштирок этиб, 17 нафар ғолибларга “Спарк” автомашиналари топширилган.

Ёшлар етакчилари фаолиятини самарали ташкил этиш ва ҳисобдорликни ошириш мақсадида “Етакчи” электрон платформаси жорий этилган. Ушбу платформа 15 та электрон тизимни бирлаштиради. Платформа орқали етакчилар шахсий ёки аноним мурожаат йўллаш имкониятига эга. Шунингдек, платформада “Етакчи академияси” орқали онлайн таълим олиш имконияти яратилган. 

Парламент сўровида “Ёшлар дафтари” жамғармасига ажратилган маблағлар айрим туманларга ўз вақтида ва тўлиқ етказиб берилмаётгани ҳамда маблағларни тақсимлаш механизми тўлиқ таъминланмаётгани қайд этилиб, мазкур масала юзасидан тушунтириш бериш сўралган эди.

Сўровга келган жавобда қайд этилганидек, “Ёшлар дафтари” жамғармаларининг ҳолати таҳлил қилинган. 2025 йил 5 сентябрь ҳолатига жамғармаларда 336 млрд. сўм маблағ шаклланган бўлиб, йил бошидан 45 минг нафар ёшга 188 млрд. сўмлик моддий қўллаб-қувватлаш кўрсатилган. 

Бироқ айрим туманларда маблағларни ўз вақтида етказиб берилмаслик ҳолатлари мавжуд. Бу муаммоларни ҳал этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинган. Жамғармалардаги маблағлар ҳар бир маҳалла кесимида аҳоли сони, камбағаллик даражаси ва ногиронлиги бўлган шахслар сонига мутаносиб равишда адолатли тақсимланиши белгиланган.

Депутатлар ёшларнинг имкониятларини янада кенгайтириш, ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш, йигит-қизлар учун яратилган имкониятлар ҳақида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА