Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Вазирлар Маҳкамасининг “Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2022 йил 7 июндаги 312-сон қарорига “Ёшлар дафтари” жамғармасидан ижтимоий ёрдамлар кўрсатишни такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг “Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2022 йил 7 июндаги 312-сон қарорига:
“Ёшлар дафтари” жамғармасидан кўрсатиладиган ижтимоий ёрдамлар бўйича аризаларни тақдим этиш, уларни кўриб чиқиш натижаси бўйича қарор қабул қилиш билан боғлиқ барча маъмурий тартиб-таомилларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Ёшлар ягона электрон платформаси орқали амалга ошириш;
“Ёшлар дафтари” жамғармасидан кўрсатиладиган ижтимоий ёрдамларни Ижтимоий реестрга киритилган оилалар учун ишлаб чиқилган индивидуал режага мувофиқ ёшларнинг шахсий ривожланишига қаратилган шартлар асосида ижтимоий шартнома тузиш орқали тақдим этишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.
Қарорга кўра, бир ой муддатда:
а) “Ёшлар дафтари” жамғармасидан кўрсатиладиган ижтимоий ёрдамлар бўйича давлат хизматлари ЯИДХП ва Ёшлар ягона электрон платформаси орқали кўрсатилиши йўлга қўйилади;
б) “Рақамли ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали:
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг “Рақамли маҳалла” электрон платформаси;
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Ижтимоий реестри;
Спорт вазирлигининг “ERP sport” ягона электрон бошқарув тизими;
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Касбий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими (P-Emis), Олий таълим жараёнларини бошқариш (HEMIS) ахборот тизими ҳамда Талабаларга шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлар ҳисобини юритиш ахборот тизими;
Солиқ қўмитасининг Ижара шартномаларини ҳисобга қўйиш ахборот тизимини ҳамда Электрон солиқ хизматлари ахборот тизимини (якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳақидаги маълумотлар);
Адлия вазирлигининг “Лицензия” ахборот тизими;
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллаш тўғрисидаги маълумотлар ЯИДХП ва Ёшлар ягона электрон платформасига интеграция қилинади;
в) Ёшлар ягона электрон платформасини Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг “Subsidiya.mf.uz” ахборот тизимига интеграция қилиш, “Ёшлар дафтари” жамғармаси ҳисобидан ажратилаётган субсидияларнинг тўлов жараёнларини “Subsidiya.mf.uz” ахборот тизими орқали амалга ошириш ва шу орқали “Ёшлар дафтари” жамғармаси харажатлари тўғрисидаги маълумотларни белгиланган тартибда ушбу тизимга узатиш таъминланади.
Маълумот ўрнида, олдинроқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизими самарадорлигини оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида” 2025 йил 10 сентябрдаги ПФ-163-сон ҳамда “Ёшлар дафтари” жамғармалари орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” 2025 йил 20 ноябрдаги ПФ-222-сон фармонларига мувофиқ:
“Ёшлар дафтари” жамғармасидан кўрсатиладиган ижтимоий ёрдамлар бўйича аризаларни тақдим этиш, уларни кўриб чиқиш натижаси бўйича қарор қабул қилиш билан боғлиқ барча маъмурий тартиб-таомиллар Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Ёшлар ягона электрон платформаси орқали амалга оширилиши;
“Ёшлар дафтари” жамғармасидан кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам турлари индивидуал режа асосида Ижтимоий реестрга киритилган оилалардаги ёшларнинг шахсий ривожланишига қаратилган ёшлар ижтимоий шартномаси орқали тегишли шартлар асосида тақдим этилиши, бунда мазкур шартларнинг аниқ турлари кўрсатиладиган ижтимоий ёрдамнинг хусусиятидан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши белгиланган эди.
ЎзА