Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган йиғилишда “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағларини ишлатиш тизими ҳам ўзгариши маълум қилинди.
Бу жамғарма ёшларни кўпроқ касбга, тадбиркорликка ўргатиб, бандлигини таъминлашга хизмат қилиши керак бўлса-да, ҳокимлар атиги 10 фоиз маблағни бандликка йўналтирган, “Ёшлар дафтари” орқали кўрсатиладиган 25 та ёрдамнинг 5 тасидан фойдаланмоқда. Шу сабабли:
– энди ёшларга касбга ўқиш, меҳнат қуроли, уруғ-кўчатга субсидия каби турдош хизматлардан бир вақтнинг ўзида фойдаланиш имконияти яратилади;
– уруғ ва кўчат учун 2,5 миллион сўм ўша ҳудуддаги уруғ-кўчат хўжаликларидан сотиб олиш учун тўғридан-тўғри берилади;
– “Ёшлар дафтари” билан ишлашда ёшларни анимация, дизайн, логистика оператори, гид каби замонавий касбларга ўқитишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Бу тизим билан мактабларнинг 10-11-синф ўқувчилари ҳам қамраб олинади;
– бундан буён “Ёшлар дафтари” жамғармалари маблағининг камида 40 фоизи айнан касб-ҳунарга ўқитишга йўналтирилади;
– жорий йилда замонавий касбларга ўқитиш учун 100 миллиард сўм ажратилади ва камида 25 минг нафар ёшлар ўқитилади. Эҳтиёжга қараб, бунга яна маблағ ажратилади.
ЎзА