Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ёшлар дафтари” жамғармалари орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизими такомиллаштирилади
14:31 / 2025-11-21

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ёшлар дафтари” жамғармалари орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Унга мувофиқ, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардаги ёшларга "Ёшлар дафтари" жамғармалари орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизими самарадорлигини ошириш ҳамда ёшлар ҳамжамиятида ижтимоий капитални ривожлантиришга кўмаклашишнинг асосий мақсадлари белгиланди. 

Улар:

а) 16 минг нафар "Ёшлар дафтари"га киритилган ёшларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашиш; 

б) 30 минг нафар "Ёшлар дафтари"га киритилган ёшларнинг таълим жараёнида ижобий ўзлаштириш кўрсаткичларига эришиш; 

в) "Мутолаа" лойиҳаси доирасида илмий-оммабоп, бадиий китобларни мунтазам ўқиб борувчи ёшларнинг улушини 10 фоизга ошириш; 

г) "Ёшлар дафтари"га киритилган 100 минг нафар ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш;

д) "Ибрат фарзандлари" лойиҳаси доирасида хорижий тилларни ўзлаштирган ёшлар улушини 30 фоизга оширишдан иборат. 

2026 йил 1 февралдан бошлаб ушбу Фармонда назарда тутилган ижтимоий ёрдам турлари индивидуал режа асосида Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалардаги ёшларнинг шахсий ривожланишига қаратилган ёшлар ижтимоий шартномаси  орқали қуйидаги шартлар асосида тақдим этилади:

а) таълим олишни узлуксиз равишда амалга ошириб бориш (узрли сабаблар бундан мустасно); 

б) таълим жараёнида ижобий ўзлаштириш кўрсаткичларига эришиш; 

в) волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш; 

г) "Беш ташаббус олимпиадаси" доирасида ўтказиладиган лойиҳаларда қатнашиш; 

д) илмий, илмий-оммабол, бадиий китобларни мунтазам мутолаа қилиш; 

ж) тадбиркорлик ёки ўзини ўзи банд қилиш асосида фаолиятини йўлга қўйиш; 

з) хорижий тилларни ўзлаштириш бўйича камида В1 даражасига эришиш. 

Ижтимоий шартнома шартлари бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда босқичма-босқич қуйидаги кетма-кетликда чоралар қўлланади:

а) ижтимоий шартноманинг бажарилмаган шартларини ўн беш кун ичида бажариш лозимлиги тўғрисида огоҳлантириш; 

б) ижтимоий ёрдам миқдорларини 15 фоиздан 30 фоизгача камайтириш; 

в) ижтимоий ёрдам кўрсатишни бир ойдан олти ойгача бўлган муддатга вақтинчалик тўхтатиш; 

г) ижтимоий ёрдам кўрсатишни бир йил ва ундан ортиқ муддатга тўхтатиш. Бунда: 

ушбу банднинг "б" ва "в" кичик бандларида назарда тутилган чоралар қўллангандан сўнг ижтимоий ёрдам кўрсатилган шахс ижтимоий шартнома шартларини лозим даражада бажарган тақдирда, қўлланган чоралар бекор қилиниб, чоралар қўлланиши натижасида кўрсатилмай қолган ижтимоий ёрдамлар тўлиқ тақдим этилади;

ушбу банднинг "а" кичик бандида назарда тутилган чоралар тегишли маҳалладаги ёшлар етакчиси томонидан, "б", "в" ва "г" кичик бандларидаги чоралар эса Ёшлар ягона электрон платформаси орқали автоматик тарзда қўлланади ҳамда бекор қилинади. 

Ижтимоий шартнома шартларини мунтазам равишда камида олти ой давомида юқори даражада бажарган ёшлар қуйидагича рағбатлантирилади: 

а) ижтимоий ёрдам сўраб мурожаат қилган вақтидан қатъи назар, унга имтиёзли равишда навбатдан ташқари ижтимоий ёрдам кўрсатилади; 

б) энг яхши 1 000 нафар ёшлар ҳар йили бир марта Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратилган маблағлар доирасида базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади; 

в) ёшларнинг ташаббускорлиги ва фаоллигини рағбатлантиришга қаратилган мукофотларга тавсия этилади.

ЎзА