English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар дафтари: рўйхат кундан кунга камаймоқда
12:01 / 2021-08-02

Бухоро вилояти 4-сектор раҳбари Шерзод Ашуров ҳудуддаги умумтаълим мактабларининг 2020-2021-ўқув йилига тайёргарлик жараёнларини ўрганиш мақсадида вилоятнинг Қоровулбозор туманида бўлди.

Сектор раҳбари туман ҳокими ва давлат солиқ инспекцияси бошлиғи билан бирга энг чекка ҳудудларидан ҳисобланган “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи аҳоли ва тадбиркорларнинг ҳам муаммоларини ўрганди.  

Мазкур маҳалладаги умумтаълим мактабида таълим-тарбия жараёнларини самарали ташкил этиш бўйича яратилаётган имкониятлар, янги ўқув йилига тайёргарлик, муассасада амалга оширилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишлари кўздан кечирилди.

Сектор раҳбари мактабдаги қурилиш жараёнлари билан танишиб, ўқувчи ва ўқитувчилар учун муносиб шароитлар яратиш, мактабнинг замонавий қиёфага эга бўлиши бўйича ўзининг тавсияларини берди. Ўзбекистон ҳудудида кўп йилдан бери яшаётган бўлсада, бироқ шу чоққача фуқаролик берилмаган “Бўстон” МФЙ 6-мактаб директори Карим Абдуқодиров билан сектор раҳбарининг суҳбати атрофдагиларни ҳам қувонтирди. Сабаби, куни-кеча Карим Абдуқодиров расман Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлди.  

Сектор раҳбари кекса педагогни бугунги қувончли кун билан самимий табриклади. Унинг баркамол авлод тарбияси йўлидаги шарафли ишларига омад тилади.

Шу куни сектор раҳбари мазкур маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи аҳолининг кайфияти, турмуш шароити ҳамда уларни қийнаётган муаммолар билан ҳам қизиқди. Хусусан, у "Ёшлар дафтари" рўйхатида турган Ҳайитгул Ҳожиеванинг яқинда фаолияти йўлга қўйилган тикув цехида бўлди.  

– Ушбу цехни йўлга қўйишда сектор раҳбарлари яқиндан ёрдам берди, –дейди "Ёшлар дафтари" рўйхатида турган Ҳайитгул Ҳожиева. – 20 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағи ҳисобига 3 та тикув машинаси ҳам ажратилди.  

Эътиборлиси, ёш тадбиркор қисқа муддатда мижозларнинг ишончини қозона олди. Ўзига ўхшаган "Аёллар дафтари" га киритилган Ҳайитгул Ҳайдарова ҳамда Нигора Тиллоеваларни  иш билан таъминлади.  

Вилоят 4-сектор раҳбари ушбу ёш тадбиркорнинг дадил ҳаракатларини юқори баҳолади. Келгусида фаолиятини янада кенгайтиришга кўмакдош бўлишини таъкидлади. Ҳатто, унинг сифатли ишларидан кўнгли тўлган сектор раҳбари ва туман ҳокими ҳамда ишчи гуруҳи аъзолари кийим учун буюртма беришди.  

Зариф Комилов, ЎзА