Жиззахдаги Ёшлар инновацион марказида мамлакатимиз ҳудудларидан сараланган иқтидорли ёш мусаввирлар иштирокида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ташкил этилган “Ёш мусаввир” танловининг республика финал босқичи бўлиб ўтди.
Танлов 12-17 ҳамда 18-30 ёш тоифаларида ўтказилиб, иштирокчилар Ватанга бўлган муҳаббатларини ижодий иқтидорлари орқали намоён этдилар. Уларнинг ижодий ишлари “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт”, “Қадрият, урф-одат ва ёшлар” ҳамда “Ёшлар — Учинчи ренессанс бунёдкори” мавзуларини ўзида акс эттирди.
Расмларни жиззахлик ҳамда пойтахтимиздан келган нуфузли ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.
– Бугунги ёшларимизда иқтидор ҳам, имконият ҳам бор. Биз ҳар бир асарни диққат билан таҳлил қилдик ва синовдан муваффақиятли ўтган иштирокчиларга эътибор қаратдик, – дейди биз билан суҳбатда Ўзбекистон бадиий академияси аъзоси, ҳакамлар ҳайъати раиси Зоир Тошпўлатов. –Улар чизган гўзал асарлар миллий санъатимизга янги нафас бағишламоқда.
Танловда 12-17 ёшдагилар ўртасида биринчи ўринни жиззахлик ёш мусаввир Шалола Маматова, икккинчи ва учинчи ўринлар эса мос равишда Самарқанд вилояти вакиласи Азиза Ашурбекова ҳамда Андижондан келган ёш рассом Роҳилахон Ўлмасоваларга насиб этди.
[gallery-25489]
– Республикамизнинг турли бурчакларидан келган энг иқтидорли ёш мусаввирлар орасида учинчи ўринни олиш – мен учун шараф, – дейди Роҳилахон. – Ушбу танлов ўтган гўзал Жиззах шаҳри ҳамда юзларидан табассум аримайдиган меҳмондўст жиззахликлар менда жуда яхши таассурот қолдирди. Устозларимдек санъатимизга ўз ҳиссамни қўшишга интиляпман, мазкур жараёндан эса жуда катта куч ва илҳом олдим.
18-30 ёш тоифасида эса Сирдарё вилояти мусаввири Фаррух Мамадиёров биринчи ўрин соҳиби бўлди. Иккинчи ўринга Навоий вилоятидан Рустамбек Чўлиев ҳамда учинчи ўринга Самарқанд шаҳридан келган Фотима Ҳусановалар лойиқ кўрилди.
– “Ёш мусаввир” танлови ёшларнинг миллий ўзлигини англашини кучайтириш, уларда эстетик дид ва маданий қарашларни мустаҳкамлашга қаратилгани билан алоҳида таҳсинга лойиқ, – дейди ҳакамлар ҳайъати аъзоси Беҳзод Абдуллаев. – Бу каби тадбирлар ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтидорларини янада очиш ҳамда уларда Ватанга бўлган муҳаббатни янада юксалтиришда муҳим ўрин тутади.
Шунингдек, тадбир доирасида иштирокчиларга замонавий мусаввирлик санъатининг ривожланиш тенденциялари ва ижодий кўникмалар ҳақида маърузалар ўқилди, Жиззах тарихи ва маданияти акс этган музейларга экскурсия ташкил этилди.
Танлов сўнггида ғолиб ва совриндорлар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА