Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар бўш вақтини унумли ўтказмоқда
17:49 / 2025-07-25

Мамлакатимизда Мактабгача ва мактаб таълими, профессионал таълим, олий таълимда том маънода янгича ёндашувлар асосида, жаҳон таълимига интеграциялашган ҳолда ҳаётий замонавий кўникмаларга эга бўлган авлодни тарбиялаш, сифат ва мазмун жиҳатдан ҳам анчагина такомиллашди, деб бемалол айтиш мумкин. Бу жиҳат “Таълимда долзарб 90 кун”тадбирларида ҳам яққол ифода топмоқда.

Бухоро вилоятнинг барча таълим муассасалари қатори вилоятдаги академик лицейларда ташаббус доирасида ўқувчиларни бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мавжуд тўгаракларга ўқувчиларнинг каттагина қисми қамраб олинган. Хусусан, режа асосида фан, касб-ҳунар ва спорт йўналишларида машғулотлар намунали тарзда ташкил қилинган.

– Барча таълим муассасаларида бўлгани каби академик лицейимизда ҳам “Таълимда долзарб 90 кун” ташаббуслари асосида барча дастурлар кесимида фан тўгараклари, маданий-маърифий тадбирлар, спорт машғулотлари чуқур ва кенгайтирилган ҳолда олиб борилди, – дейдиБухоро Давлат тиббиёт институти ҳузуридаги академик лицей директори Раъно Исматова. –Жумладан, барча фанлар бўйича ўтказилган тўгаракларга ёшларимиз жалб қилинди. Бухоро Давлат тиббиёт институти ҳузуридаги академик лицей ўқувчилари сўнгги уч йилликда Англия, Жанубий Корея, Сингапур, АҚШ, Россия каби давлатларнинг 20 дан ортиқ нуфузли олийгоҳлари талабаси бўлди. “Таълимда долзарб 90 кун”тадбирлари ушбу кўламнинг ошиши учун ҳам асос бўлмоқда.

[gallery-24474]

Когон туманидаги 15-умумтаълим мактабида ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг қобилияти ва қизиқишларини ривожлантириш мақсадида турли йўналишларда 30 га яқин тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Муҳими, таътилдаги ташаббус ёшларнинг юқори марраларга эришиши учун ҳам кенг йўл очяпти. 600 дан ортиқ ўқувчи таҳсил олаётган таълим муассасаси ўз олдига юксак марраларни қўйган. Айтиш лозим, ўтган йили ушбу таълим маскани олий ўқув юртига кириш бўйича 70 фоизлинатижани қўлга киритган эди. Бу рақамлар бу йилги сарҳисобда янада юқори бўлиши кутилмоқда.

Шунингдек, Шофиркон туманидаги 13-умумтаълим мактабида ҳам лойиҳа доирасида ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, уларни турли соҳаларга қизиқтириш борасида ишлар қамрови анчагина кенг. Мактабда санъат, спорт, ахборот технологиялари, китобхонлик, касбга йўналтириш каби йўналишларда турли тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Бу тўгаракларда ўқувчилар ўзларининг иқтидорини намоён қилиш, янги билим ва кўникмаларга эга бўлиш, жамоада ишлаш малакасини шакллантириш имкониятига эга бўлмоқда. Бундан ташқари, мактаб жойлашган ҳунармандлар маҳалласида устоз-шогирд анъаналари асосида ёшларга касб-ҳунар ўргатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Ушбу тадбирлар мактабимизда кўтаринки руҳда ташкил этилди, –дейди директор ўринбосари Муборак Йўлдошева. – Буни ўқувчиларни жараёнларда фаол иштироки орқали ҳам кўриш мумкин. Ўқувчиларнинг вақтларини мазмунли ўтишига бор билим ва кучимизни сарфлаймиз.

Шофиркон туманидаги Мазлахон Чандир маҳалласида жойлашган 11-умумтаълим мактабида ҳам ёшлар катта иштиёқ билан яна мактабда ўз билимларини бойитиш, касбий кўникмаларини оширишяпти. Турли спорт машғулотларида иштирок этиб, ўз саломатликларини мустаҳкамламоқда. Тўгарак машғулотлари нафақат ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, балки уларнинг интеллектуал ва ижтимоий ривожланишида ҳам муҳим омил бўлмоқда. Шунингдек, бу фаолиятлар ёшларни келажакдаги касб танловига тайёрлашда, уларнинг ҳаётга онгли ёндашувини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шунингдек, Қуйи Чуқуракдаги 33-мактабда ташкиллаштирилган “Таълимда долзарб 90 кун” тадбирлари мисолида ёзги таътилни нафақат дам олиш, балки ўқувчи-ёшлар учун ўсиш, ўрганиш, ривожланиш ва янги имкониятлар сари йўл очаётганини кўриш мумкин.

– Тикувчилик касбига қизиқаман, – дейди мактаб ўқувчиси Дилноза Толибова. – Бу касбни аввал бувижонимдан ўргандим. Энди эса устозим бу касбнинг сирларини ўргатяпти. Келажакда дизайнер бўлмоқчиман.

Умуман олганда, Давлатимиз раҳбарининг 15 май куни таълим тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш ҳамда келгусидаги устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида берган топшириқларасосида ёзги таътил даврида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш учун театр, маданият марказлари ва концерт заллари, спорт майдончалари, оромгоҳ ва туризм объектлари имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилган.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.