Мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг ўттиз тўрт йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни арафасида Наманган вилоятида бир қатор муҳим ижтимоий объектлар фойдаланишга топширилмоқда.
Давлатобод туманида қайтадан барпо қилинган “Ёшлар боғи” етти ёшдан 70 ёшгача бўлган аҳоли учун муносиб совға бўлди.
Мазкур гўшада бундан 10-15 йил аввал “Камолот” ёшлар хиёбони қурилган ва маълум муддат фаолият юритиб келган, аммо, кейинги йилларда эътибордан четда қолаётган эди. Президентимизнинг 2025 йил сентябрь ойида Наманганга ташрифи чоғида вилоят фаоллари билан ўтказилган йиғилишда ёш авлод вакилларининг бўш вақтларини унумли ва мазмунли ташкиллаш борасида муҳим топшириқлар юклатилган эди.
Мазкур вазифалар ижроси ва “Зарбдор” тажрибаси асосида амалга оширилаётган драйвер лойиҳа доирасида аҳоли учун хавфсиз, қулай ва замонавий сайлгоҳ барпо этишга киришилди. Натижада, боғнинг илк босқичи тўлиқ якунланиб, фойдаланишга топширилди. Бунинг учун республика бюджетидан 7,8 миллиард сўм маблағ ажратилиб, ҳудудда кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бажарилди.
Жумладан, электр тармоқлари тўлиқ янгиланди, суғориш тизими реконструкция қилинди, ҳудуд ободонлаштирилиб, кўкаламзорлаштирилди. Натижада, “Ёшлар боғи” аҳоли, айниқса, ёшлар учун янги дам олиш ва кўнгилочар маскан сифатида ўз эшикларини очди. Эътиборлиси шундаки, мазкур жойда 75 та янги иш ўрни яратилди, 35 дан ортиқ тадбиркор ўз фаолиятини бошлаш имкониятига эга бўлди. Бу эса аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш йўлида муҳим қадам бўлди.
[gallery-27084]
Боғ аҳолининг қулай ва хавфсиз дам олиш маскани сифатида хизмат қилади. Қолаверса, келгусида боғни тўлиқ реконструкция қилиш, қўшимча кўнгилочар ва спорт инфратузилмасини яратиш ҳамда хизмат турларини кенгайтириш режалаштирилган.
Тантанали очилиш маросимида қатнашган Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов бундай бунёдкорлик ишлари Янги Ўзбекистон тараққиёти ва аҳоли фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган эзгу ислоҳотларнинг амалий самараси эканлигини алоҳида таъкидлади.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.