Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар бизнесни ривожлантиришнинг дунё тажрибаси билан танишди
16:28 / 2021-05-31

«Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси, Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан Мфактор ҳамда вилоятлар ҳокимликлари билан ҳамкорликда Бухоро шаҳридаги “Минораи калон ансамбли”да “БИЗНЕС МАРАФОН” ташкил этилди.

Республикамизда фаолият кўрсатаётган энг илғор тадбиркорлар иштирокидаги ушбу марафон ўзаро тажриба алмашиш, бизнес ва тадбиркорлик фаолиятига замонавий технологиялар, инновацион ишланмаларни жалб этиш, жаҳон бозорига чиқиш учун йўлланма вазифасини ўтайди.

Дастлаб «БИЗНЕС МАРАФОН» доирасида учрашув ташкил этилди. Унда «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси, Ёшлар ишлари агентлиги, шунингдек, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари қатнашди.

Жараён давомида ёш тадбиркорлар томонидан бизнес режаларни тайёрлаш ҳамда тадбиркорликни бошлаш учун нималар қилиш кераклиги ҳақида тушунчалар берилди. Шунингдек, иштирокчилар бизнесни ривожлантиришда қўл келадиган дунёдаги илғор тажриба ва замонавий воситалар билан таништирилди.

[gallery-2615]

Марафоннинг «Муваффақиятга эришиш сирлари» мавзусидаги тренингда қатнашчилар тадбиркорлик ҳамда бизнес бўйича юқори билим, кўникма ҳамда тажрибага эга бўлган тадбиркорлар билан мулоқот қилиб, бизнес борасидаги барча қизиқтирган саволларига жавоб олди.  

–Ёшлар ҳамиша атрофидаги тенгдошларининг ҳаракатини кўргач, нимагадир эришишга ва айнан улардан маслаҳат олишга ҳаракат қилади, –дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Ихтиёр Зиёдулла. – Бизнес ва тадбиркорликда ҳам худди шундай. Бўлиб ўтган «БИЗНЕС МАРАФОН» ёшлар учун ҳам имкониятлар эшигини очди. Зеро, марафон доирасида ўтказилган тренингда вилоятдаги ўз бизнесини йўлга қўйишга муваффақ бўлган ёш тадбиркорлар ҳам қатнашди. Бу эса бизнесини йўлга қўйиш истагида бўлган ёшларга ўзларини қизиқтирган саволларини бериб, бизнес борасида турли хулосаларга келишга имкон яратади.

 

Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА