“Янги Ўзбекистон” университети ташаббуси билан Юқори Чирчиқ туманидаги умумтаълим мактабларида “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида адиблар билан учрашувлар ўтказилди.
Ташкил этилган тадбирда таниқли ижодкор, шоир, журналист Муҳаммад Исмоил, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Гулбаҳор Саидғаниева ҳам иштирок этди. Ижодкорларнинг илк манзили ҳудуддаги 1-умумтаълим мактаби бўлди. Унда адабиёт ўқитувчилари, ўқувчилар иштирок этиб, устоз ижодкорнинг суҳбатлари ва шеърларидан баҳраманд бўлди.

Тадбирда ёшлар ўзларининг бадиий чиқишлари билан ижодкорларни хушнуд қилди. Халқ орасида машҳур бўлган шеърлар, турли куй-қўшиқлар эса барчага завқ улашди. Шоирлар ҳам Ватанни, ёшликни мадҳ этувчи шеърларидан ўқиди. Ёшлар томонидан ҳар бир адибнинг ижод йўли ҳақида тўхталиб, ёзган асарларидан парчалар ўқилди.
Ижодкорлар 2-умумтаълим мактабида бўлиб, тадбир қатнашчилари барча ёшларни давлатимиз томонидан яратилган имкониятлардан самарали фойдаланишга чорлади. Кўпроқ бадиий ва илмий асарлар ўқиш ва билим олишнинг фойдалари ҳақида сўз юритилди. Хусусан, “Янги Ўзбекистон” университетида талабаларга яратилган имконият ва қулайликлар хусусида маълумот берилди.

– Бу каби адабий суҳбат ёшларимиз дунёқарашини ошириб, ўз иқтидорини кўрсатишга ёрдам беради, – дейди 2-умумтаълим мактаби директори Айтекен Умирзавова. – Ҳозир таълим даргоҳимизда ўзбек ва қозоқ тилларида 212 нафар ўқувчи таҳсил олади. Улардан умидларимиз катта. Адабиёт вакиллари билан яқиндан мулоқотлар эса уларга ўз иқтидорини кашф қилишга ёрдам беради.

Шунингдек, ижодкорлар 21-умумтаълим мактаби ўқувчилари билан ташкил этилган учрашувда ҳам иштирок этди.
А.Мусаев, ЎзА.