Бугунги кунда Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати янги босқичга кўтарилиб, уларнинг таълим олиши, касб эгаллаши ва жамиятда ўз ўрнини топиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Хусусан, жойларда ташкил этилаётган “Раҳбар ва ёшлар” учрашувлари бу борадаги ишларнинг амалий ифодасига айланмоқда.
Жумладан, Андижон, Бухоро, Наманган ва Сирдарё ҳудудларида ўтказилган очиқ мулоқотлар ёшларнинг муаммоларини эшитиш, уларнинг таклифларини инобатга олиш ҳамда аниқ ечимлар ишлаб чиқишга хизмат қилаётгани билан аҳамиятли. Бундай учрашувлар нафақат мулоқот, балки ислоҳотларнинг жойлардаги реал натижаларини шакллантирувчи муҳим восита сифатида намоён бўлмоқда.
Андижон вилоятида ўтказилган учрашувда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ёшлар билан самимий суҳбат олиб бориб, уларнинг бандлиги, тадбиркорлик ташаббуслари ва замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Бухорода эса ҳоким Ботир Зарипов томонидан касбий таълимни халқаро даражага олиб чиқиш, хорижий тилларни ўқитишни кучайтириш ва иш берувчилар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари илгари сурилди.
Наманган ва Сирдарёдаги учрашувларда ҳам ёшларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириш, уларни IТ, хорижий тиллар ва техник йўналишларга кенг жалб этиш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Айниқса, ёшларни турли салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар муҳим ўрин эгаллади.
Бу жараёнлар шуни кўрсатадики, бугунги кунда раҳбарлар ва ёшлар ўртасидаги масофа қисқариб, очиқ ва конструктив мулоқот муҳитига асосланган бошқарув тизими шаклланмоқда. Ҳудудларда ўтказилаётган “Раҳбар ва ёшлар” учрашувлари касбий таълим тизимини ривожлантириш, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва уларнинг келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Энг асосийси, бу мулоқотлар орқали ёшларнинг овози эшитилмоқда, уларнинг муаммолари эътибордан четда қолмаяпти ва таклифлари амалий қарорларга айланмоқда. Мазкур учрашувлар натижасида таълим сифати, амалиёт ва ишлаб чиқариш интеграцияси, бандлик масалалари ҳамда халқаро ҳамкорлик йўналишларида аниқ қадамлар ташланаётгани кузатилмоқда.
Бу эса касбий таълим тизимини замон талаблари даражасига олиб чиқиш билан бирга, рақобатбардош, билимли ва ташаббускор ёшлар авлодини шакллантиришга хизмат қилади. Умуман олганда, раҳбарлар ва ёшлар ўртасидаги очиқ мулоқотлар нафақат бугунги кун муаммоларини ҳал этиш, балки эртанги тараққиёт пойдеворини яратишда ҳам муҳим стратегик аҳамият касб этмоқда.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА