Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳридаги 4-умумтаълим мактабида “Ёшлар куни” доирасида ёшларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий онгини юксалтириш ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган очиқ мулоқот ташкил этилди. Тадбир “Ватанпарварлик ва миллий қадрият” ҳамда “Ҳуқуқий билимлар” мавзуларида ўтказилиб, ўқувчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, қонунларга ҳурмат руҳини шакллантириш ва фаол фуқаролик позициясини мустаҳкамлашга қаратилди.
Учрашувда шаҳар прокурори Шерали Суюнов ва шаҳар ИИБ бошлиғи Абдурашид Бойқулов иштирок этиб, ўқувчилар билан самимий ва очиқ мулоқот ўтказди. Суҳбат давомида ёшларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар берилди, уларнинг таклиф ва ташаббуслари эътибор билан тингланди.

Тадбирда ёшларнинг жамият ҳаётидаги ўрни, қонунларга риоя қилиш маданияти, миллий қадриятларга ҳурмат ва Ватанга садоқат туйғусини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, турли салбий таъсирлардан огоҳ бўлиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Маълумки, 2026 йилнинг 24 февраль куни Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида ёшлар билан мулоқотда юртимиздаги 22 миллиондан зиёд ёшлар улкан иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий куч эканини алоҳида таъкидлаб, барча раҳбарлар олдига бирорта ҳам йигит-қизни эътиборсиз қолдирмаслик вазифасини қўйган эди.

Мазкур очиқ мулоқот ана шу устувор вазифалар ижросини таъминлаш, ёшлар билан манзилли ишлаш ва уларнинг муаммоларига амалий ечим топишга қаратилган муҳим ва амалий қадамлардан бири бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири