Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
16:39 / 2026-02-27

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида ёшлар билан ишлаш ва маънавий-маърифий йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Институтда соғлом ижтимоий-маънавий ва психологик муҳитни шакллантириш, таълим муассасасининг нуфузини ошириш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашга кўмаклашиш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Талабаларнинг ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари Конституциялари кунларига бағишланган илмий-амалий конференциялар мунтазам ўтказилмоқда. Прокуратура ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилди.

Ҳар ҳафтанинг пайшанбаси “Профилактика куни” сифатида белгиланиб, тегишли соҳа вакиллари ва институтнинг профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда диний экстремизм, терроризм, коррупция, одам савдоси, гиёҳвандлик ва бошқа салбий иллатларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирлари ўтказилади. 

Институтда таниқли шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Амир Темур, Ажиниёз Қўсибой ўғли, Бердақ Ғарғабай ўғли каби буюк сиймолар ҳаёти ва ижодига бағишланган адабий кечалар ташкил этилди. Шунингдек, талабаларнинг театр ва музейларга мунтазам равишда бориши йўлга қўйилган.

Ҳозирги вақтда институтда жами 82 та тўгарак ва клуб фаолият юритаётган бўлиб, уларга жами 6 минг 727 нафар талаба қамраб олинган. Жумладан, 32 та фан, 16 та спорт, 22 та маънавий-маърифий, 10 та ҳунармандчилик йўналишидаги тўгарак, “Тўмарис” ашула ва рақс халқ ансамбли, “Сий перде”, “Тараннум”, “Балдаўрен” ансамбллари, “Турон” жамоаси, “Зиёли ёшлар” ҳамда “Мунозара” интеллектуал клуби иқтидорли, билимли, зукко талабаларни бирлаштирмоқда.

Институт спорт клуби томонидан 12 турдаги спорт йўналишида машғулотлар йўлга қўйилган бўлиб, 630 нафар талаба, шу жумладан, 227 талаба-қиз спорт билан мунтазам шуғулланмоқда. Ўқув йили давомида “Универсиада”, “Беш ташаббус олимпиадаси”, “Талабалар лигаси”, “Ректор кубоги” каби спорт мусобақалари ва соғломлаштириш тадбирлари ташкил этилди.

Президент қарорига мувофиқ, Нукус шаҳри ва Элликқалъа туманидаги 11 та маҳаллада уюшмаган ёшлар билан тизимли ишлар йўлга қўйилди. Хусусан, ҳудудларда 29 та спорт мусобақаси, 36 та тарғибот тадбири бўлиб ўтди. Маҳалла ёшлари институтнинг спорт майдончалари ва ахборот-ресурс марказидан мунтазам фойдаланмоқда.

Албатта, амалга оширилаётган бундай тадбирлар талаба-ёшларнинг маънавий камолоти, ҳуқуқий саводхонлиги, соғлом турмуш тарзи ва ижтимоий фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда. Институт жамоаси келгусида ҳам ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтириш борасидаги ишларни давом эттиради.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.