Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгашида ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда давлатимиз раҳбари раислигида ёшлар билан ўтказилган мулоқотда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, ёшларнинг фикр ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда партия Марказий Кенгаши вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сўзга чиқиб, ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий ишлар, мавжуд лойиҳалар ва истиқболдаги режалар ҳақида батафсил маълумот берди.

Хусусан, партия томонидан ёшларни экологик маданият руҳида тарбиялаш, уларни "яшил иқтисодиёт" ғоялари атрофида бирлаштириш, инновацион экологик стартапларни қўллаб-қувватлаш, ҳудудларда экологик ташаббуслар мактабини йўлга қўйиш каби қатор лойиҳалар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Шунингдек, жорий йил Давлат дастуридан келиб чиққан ҳолда партиянинг йиллик иш режасига киритилган янги ташаббуслар, ёшлар бандлигини таъминлаш ва даромад манбаини яратишга қаратилган аниқ механизмлар хусусида ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди.

Партия фракцияси раҳбари ўринбосари Ойбек Раҳимов қонунчилик ташаббуси асосида ёшларга оид янги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда бевосита ёшларнинг фикри ва иштироки муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Учрашувда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди, янги ғоя ва таклифларини илгари сурди.
М.Комилова, ЎзА