Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан ёшлар билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг сиёсий билимларини ошириш мақсадида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди.
Унда партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раҳбар ва масъул ходимлари, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали профессор-ўқитувчилари ва талаба ёшлари, партиянинг "Ёшлар қаноти" аъзолари, фаоллар, республика Маънавият ва маърифат маркази Нукус шаҳар бўлими ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Тадбирнинг асосий мақсади раҳбар ва ёшларнинг мулоқотини ташкил этиш, ёшларни қонун ижодкорлиги жараёнига кенг жалб қилиш, уларнинг ташаббуслари ва таклифларини олиш, ёшларнинг сиёсий кўникмаларини ривожлантириш, партия сафига жалб қилиш ва партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини тушунтиришдан иборат эди.
[gallery-25957]
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси раҳбари Халилла Ешимбетов, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали директори вазифасини бажарувчи, партия фаоли Қуанишбай Юсупов ва бошқа сўзга чиққанлар бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, ёшларга яратилаётган имкониятлар, улардан ўз вақтида тўғри фойдаланиш, шунингдек, партиянинг дастурий мақсад ва вазифалари ҳақида тушунчалар беришди. Шунингдек, ёшларни замонавий билим ва касб-ҳунарга эга бўлиб, маданиятимиз ва маънавиятимизни юксалтиришга, хорижий тилларни ўрганиб, интилувчан ва фидойи бўлишга чақиришди. Ўз навбатида, ёшлар ҳам билдирилаётган ишонч ва кўрсатилаётган эътиборга муносиб жавоб тариқасида юртимиз равнақи йўлида билим олиб, меҳнат қилишга тайёрлигини таъкидлашди.
Тадбирда бугунги кунда қорақалпоғистонлик ёшлар учун берилган қўшимча квота орқали, шунингдек, хотин-қизлар учун берилган имтиёзлар туфайли талаба бўлган ёшлар ўз фикрларини билдиришди Ёшларга шундай имкониятлар яратиб бераётгани учун Президентимизга чексиз миннатдорчилик изҳор қилишди.
Учрашувда партия сафига янги қабул қилинган бир қатор ёшларга аъзолик гувоҳномалари ва эсдалик совғалари топширилди.
Шундан сўнг, учрашувда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалидаги партия аъзоларининг таклифига мувофиқ, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг "Маданият кутубхонаси" бошланғич партия ташкилоти янгидан ташкил этилди ва унинг раиси сайланди.
Тадбир якунида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари