French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
14:45 / 2025-06-10

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаевнинг “Ёшлар ойлиги” доирасида Қўнғирот туманидаги фаол ёшлар билан учрашуви ўтказилди.

Тадбир доирасида дастлаб бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Унда 44 та муассаса ҳамда ташкилот 154 та бўш иш ўрни билан иштирок этди. Унда бир қатор ёшлар иш ўринларига жойлаштирилган бўлса, яна бир гуруҳ хотин-қизларга қайта касбга йўналтириш бўйича йўлланмалар берилди. Шундан сўнг IT соҳаси мутахассислари томонидан соҳани ривожлантириш, IT хизматларини тақдим этишни йўлга қўйиш,  шу орқали катта даромад олишни амалга ошириш ҳамда ташқи беғараз ёрдам маблағларини (грантларни) жалб қилиш, донорлар билан ишлаш бўлими томонидан ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, турли лойиҳалар устида ишлашда грант маблағларини кенг жалб қилиш бўйича тақдимотлар ўтказилиб, маълумотлар тақдим этилди.  

Бундан ташқари, Президентимизнинг топшириғи билан ёшлар банки сифатида эълон қилинган “Алоқа банк” нинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси раҳбари, “Миллий банк”нинг масъул мутахассислари томонидан ёшлар тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва мавжуд лойиҳаларни кенгайтириш бўйича яратилган имкониятлар ҳақида  маълумотлар берилди.

Учрашувда Жўқорғи Кенгес раиси юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани, давлатимиз раҳбарининг ёшларга бўлган юксак ишончи, алоҳида эътибори ва оталарча ғамхўрлиги натижасида улар учун барча имкониятлар яратилаётганини алоҳида мамнуният билан таъкидлади.

Қайд этилганидек, Президентимиз раҳбарлигида ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Замонавий таълим муассасалари очилди, тадбиркорлик йўналиши бўйича кўплаб имтиёзлар берилмоқда. Таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳалардаги ёшларимиз моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда. Айниқса, Президентимизнинг 2022 йил 31 августдаги “Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан олий ўқув юртларида қорақалпоғистонлик ёшлар учун алоҳида қўшимча квоталар ажратилаётгани ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очиб бермоқда.

Учрашув давомида ёшлар билан яқиндан мулоқот қилиниб, уларнинг хоҳиш-истаклари, шунингдек, таклифлари тингланди. Хусусан, ёшлар томонидан туман ҳудудида замонавий кутубхона барпо этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, параспорт билан шуғулланиш учун қўшимча имкониятлар яратиш, “Баркамол авлод” болалар мактабида лаборатория ва IT курслар ташкил этиш каби долзарб масалалар кўтарилди. Ўз навбатида ҳар бир ташаббус ва таклиф Жўқорғи Кенгес раиси томонидан белгилаб олинди ва тез орада ҳаётга татбиқ этиш бўйича масъулларга аниқ топшириқ берилди. Шундан сўнг бир гуруҳ ёшлар фаоллиги ва тенгдошлари орасида алоҳида ютуқларга эришиб, кўпчиликка намуна бўлаётгани учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарори билан тақдирланди.

– Давлатимиз раҳбари ҳамиша биз ёшларни қўллаб-қувватлаб келмоқда, – дейди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети магистранти,  “Умид учқуни” кўкрак нишони соҳибаси Барно Жалғасбаева. – “Ёшлар ойлиги” доирасида Жўқорғи Кенгес раиси ҳудудларда бўлиб, очиқ мулоқот ўтказмоқда. Бундай эътибор учун Президентимизга чексиз миннатдорлик билдирамиз.

Ўтказилган учрашув чин маънода Жўқорғи Кенгес раиси ва ёшларнинг тўғридан-тўғри мулоқот майдонига айланди. Бундай учрашувлар республиканинг барча шаҳар-туманларида давом эттирилади.

Учрашувдан сўнг Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги халқ қабулхонаси, Жўқорғи Кенгеснинг мутасаддилари ва соҳа раҳбарлари иштирокида ёшларнинг муаммолари юзасидан қабул ўтказилиб, уларнинг мурожаатига ечим топиш чоралари кўрилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири