Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти ректори Шуҳрат Тешаев институтнинг битирувчи курс талабалари билан учрашди.
Жорий ўқув йилида мазкур олий таълим муассасасини 1000 нафардан ортиқ битирувчи тамомлаб, меҳнат бозорига янги малакали тиббий кадрлар сифатида кириб боради.

Учрашув давомида институт ректори, аввало, битирувчиларнинг иш билан таъминланиши масаласига алоҳида тўхталиб ўтди. У ёш шифокорларнинг ўз касбига садоқат билан ёндашиши, замонавий тиббиёт ютуқларини чуқур ўзлаштириши ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида фидойилик билан хизмат қилиши зарурлигини таъкидлади.

Мулоқотда бўлғуси ёш мутахассисларнинг келгусидаги режалари, уларнинг тадбиркорликка бўлган қизиқиши, тиббиёт соҳасида хусусий амалиёт йўлга қўйиш борасидаги ташаббуслари ҳақида фикр алмашилди. Айрим талабалар ўз бизнес ғояларини тақдим этиб, хусусий клиника ёки диагностик марказлар ташкил этиш, тиббий хизматлар кўламини кенгайтириш бўйича таклифларини билдирди.

Тадбир давомида тижорат банклари томонидан ёш мутахассислар учун ажратилиши мумкин бўлган имтиёзли кредитлар, молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳамда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун яратилаётган имкониятлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. Шу билан бирга, институт раҳбарияти томонидан ёш битирувчиларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган махсус механизм ишлаб чиқилиши режалаштирилаётгани маълум қилинди.

Учрашув очиқ ва самимий руҳда ўтди. Ёшлар ўз фикр ва таклифларини эркин билдириб, уларни қийнаётган масалалар юзасидан бевосита институт раҳбарияти билан мулоқот қилиш имконига эга бўлдилар. Бу эса талабалар ва раҳбарият ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири