Бухоро вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Икромжон Турсунов олотлик ёшлар билан учрашди.
Учрашув аввалида Икромжон Турсунов мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар, таълим олиш, касб эгаллаш, изланиш ва ўз устида ишлаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, ёшларни қонунийликка риоя қилиш, тартиб-интизом ва юксак масъулият руҳида камол топтириш ҳар бир раҳбар ва жамият аъзосининг муҳим вазифаси эканини таъкидлади.

Шундан сўнг туман ҳокими Наргиза Неъматова ёшлар билан ишлашда доимий мулоқот ва ҳушёрлик зарурлигини қайд этди. Ёшлар қалбидаги шижоат, ғайрат ва интилишни тўғри йўналишга буриш, уларни таълим, тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва фойдали меҳнатга жалб этиш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб, машҳур шоира Зулфиянинг илҳомбахш шеърий мисраларидан ўқиб эшиттирди. Бу эса ёшларга янада руҳий кўтаринкилик бағишлади.

Очиқ мулоқотда ёшлар ўзларини қизиқтирган долзарб масалалар юзасидан мурожаатлар йўллади. Жумладан, бандликни таъминлаш, ички ишлар органларига ишга қабул қилиш тартиби, мавжуд бўш иш ўринларига жойлашиш, имтиёзли кредитлар олиш, чорвачилик йўналишида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Барча мурожаатлар диққат билан тингланиб, ҳар бир масала юзасидан масъулларга аниқ топшириқ ва чора-тадбирлар белгиланиши, ёшлар билан яқин ҳамкорликда иш олиб борилиши алоҳида қайд этилди.
Учрашув якунида турли соҳа – илм-фан, маданият ва спорт йўналишларида ютуқларга эришган, фаол ва иқтидорли ёшлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири