Фарғона давлат университети ректори Баҳодир Шермуҳаммадов университет талабалари ва “Учинчи ренессанс” бунёдкорлари – сардорлар билан учрашув ўтказди.
Учрашувда ректор талабаларни Уйғониш даври алломаларининг илмий ва маънавий меросини эъзозлаб, замонавий касб ва билимларга эга бўлган ҳолда юқори натижаларга эришишга чорлади.


Шунингдек, ректор талабаларга чет тилларини самарали ўрганиш бўйича тавсиялар берди. У ҳар куни саҳарда 10 дақиқа вақт ажратиб, 10 та янги сўзни ўрганиш орқали бир ойда камида 300 та янги сўз эгаллаш мумкинлигини таъкидлади.


Учрашувда сунъий интеллект, АКТ йўналишлари ва стартап ғоялари билан боғлиқ инновацион фикрлаш, технологик тафаккурни ривожлантириш ва замонавий касбларни ўзлаштириш бугунги куннинг долзарб мавзуларидан бири эканлиги таъкидлаб ўтилди. Ректор ҳар бир талабанинг ғоялари ва ташаббуслари университет томонидан қўллаб-қувватланишини уқтирди.

Учрашувда таълим ва инновациялар соҳасидаги имкониятлар, талабаларнинг касбий салоҳиятини юксалтиришга қаратилган маълумотлар берилди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА