Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар билан манзилли ишлашнинг самараси катта
15:19 / 2026-03-04

Нурафшон шаҳридаги Ёшлар марказида “Ёшларга оид давлат сиёсати: 2025 йилги натижалар ва 2026 йилги устувор вазифалар” мавзусига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Тошкент вилоят ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Нодир Ҳожиев, ЎзЛиДеП Тошкент вилоят кенгаши раиси Тўлқинжон Файзиев, ҳудуддаги мазкур йўналишга масъул ташкилотлар мутахассислари, партия фаоллари ва депутатлар, ОАВ вакиллари қатнашган анжуманда ҳудудда ёшлар сиёсатига оид йўналишларда амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумот берилди. Қайд этилганидек, ҳозир вилоятда 732 минг 600 нафардан зиёд ёшлар яшайди. Бу ҳудуд аҳолисининг катта ва фаол қисмини ташкил этади.

Ёшлар билан ишлашда манзилли ёндашувни таъминлаш мақсадида улар “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифалар бўйича хатловдан ўтказилган. Айниқса, “оғир” тоифадаги 9 минг 31 нафар, оталиққа олинган 5 минг 877 нафар ёш билан индивидуал ишлаш механизми жорий этилди. Натижада уларнинг бандлиги 100 фоиз таъминланди. Бу эса профилактика ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишлари самарасини кўрсатмоқда.

Бугунги кунда ёшларимизнинг билим олиши, чет тилларини ўзлаштириши, замонавий касбларни эгаллаши учун барча шароит яратилмоқда. “Ибрат фарзандлари”, “Қизлар академияси”, “Устоз AI” каби лойиҳалар ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда. Вилоятда 12 та Ёшлар маркази фаолият юритиб, улар ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, касб-ҳунар ва тил ўрганиш имкониятларини яратишга хизмат қиляпти. Шунингдек, 6 та ўқув маркази ижара асосида 3 минг нафардан ортиқ ёшларни хорижий тил ва замонавий касбларга ўқитмоқда.

Матбуот анжуманида 2026 йилда ташаббусли бюджет доирасида яна 4 та ҳудудда Ёшлар маркази фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилгани айтилди. Президентнинг 2025 йилдаги бир қатор қарорлари доирасида 500 га яқин ёшларга 60 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Натижада мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди. Бу ёшлар тадбиркорлигини рағбатлантиришда муҳим омил бўлмоқда.

– Албатта, эришилган натижалар билан чекланиб қолмаймиз. Олдимизда яна муҳим вазифалар турибди, – дейди вилоят ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Н.Ҳожиев. – Жиноятчилик профилактикасини кучайтириш, ишсиз ёшларни манзилли бириктириш, тадбиркорликни кенгайтириш ва ёшлар инфратузилмасини янада ривожлантириш устувор йўналишларимиздан бўлиб қолади. Келгусида ҳуқуқбузарликка мойил ёшлар билан ишлашни кучайтириш, 7 минг 119 нафар ишсиз ёшларни манзилли бириктириш, 1 минг 950 нафар ёшга ер ажратиш, 100 мингдан зиёд ёшни мега лойиҳаларга жалб этиш ҳамда 3 минг 450 нафар ёшга имтиёзли кредит ажратиш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилади. Умуман олганда, Тошкент вилояти бўйича ёшларга оид давлат сиёсати натижадорлик, манзилли ёндашув ва амалий қўллаб-қувватлаш тамойиллари асосида янги босқичга кўтарилмоқда.

Тадбирда давлатимиз томонидан ёшларга яратилаётган қулайликлар, янги имтиёзлар ва уларни амалга ошириш механизмлари хусусида фикр билдирилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.  

А.Мусаев,ЎзА