English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар билан ишлаш тизими янгича мазмунга эга бўлмоқда
10:44 / 2022-01-24

Юртимиз тараққиёти ҳар томонлама ўсиб-ўниб келаётган навқирон авлоднинг таълим-тарбияси, маънавияти ва маданияти билан чамбарчас боғлиқ.

 Зеро, замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш мамлакатни барқарор ва илдам ривожлантиришнинг энг муҳим шарти ҳисобланади. Бу борада эртамиз эгаларига қаратилаётган эътибор, ғамхўрлик мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсатнинг энг устувор йўналиши саналади.

Ёшлар билан ишлашнинг янгича бошқарув механизмларини жорий этиш, улар билан ишлашнинг вертикал тизимини яратиш, ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш, таълим муассасаларида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида жорий йилнинг 19 январда “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори имзоланди.

Ҳужжатга мувофиқ, ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ҳамда овуллардаги ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилади.

Мазкур лавозим эгалари “Ёшлар баланси”ни шакллантириш, ёшлар тўғрисидаги зарур маълумотларни “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар портали” электрон платформаларига киритиб бориш, маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, Беш муҳим ташаббус лойиҳалари, ёшлар фестиваллари ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни амалга оширади.

Шунингдек, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ёшлар билан тизимли ишлаш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келган ёшларнинг ижтимоий-педагогик реабилитация қилиниши таъминлайди.

Қарорга кўра, етакчилар ўзига бириктирилган маҳаллаларда маданият ва санъатни тарғиб қилиш, соғлом турмуш тарзи ва спортни оммалаштириш, ахборот технологияларидан самарали фойдаланишни ташкил қилиш, маънавият ва китобхонликни тарғиб қилиш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳуқуқий саводхонликни ошириш ҳамда тадбиркорлик ғояларини қўллаб-қувватлаш ёшлар етакчиларининг асосий фаолият йўналиши ҳисобланади.

Хабарингиз бор, маҳаллабай ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш орқали камбағалликни қисқартириш мақсадида ўтган йилнинг 3 декабрь куни давлатимиз раҳбарининг “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.

Куни кеча қабул қилинган ёшлар етакчиси лавозимини жорий этиш тўғрисидаги қарор эса мазкур ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди дейиш мумкин. Зеро, етакчи ёшларнинг тадбиркорлик ғояларини амалга ошириш, улар фаолиятига кредит, субсидия ва бошқа ёрдам чораларини жалб қилиш бўйича маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси билан ҳамкорлик қилиши белгиланган.

Шу билан бирга иш фаолиятини самарали ташкил этиб, ўзининг шахсий фазилатлари билан ёшларга намуна бўлган ҳамда уларга етакчилик қилган етакчилар “Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси” кўкрак нишони билан тақдирланади.

Етакчи лавозимига номзодлар туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари бошчилигидаги танлов комиссияларини шакллантириш орқали очиқ танловлар асосида ишга қабул қилиниши кўзда тутилган.

Айни пайтда Қўқон шаҳрида ҳам етакчи лавозимига ёшлар билан ишлаш тажрибасига эга, ёшларни эргаштира оладиган, шахсий фазилатлари билан намуна кўрсатган, фидойи ва садоқатли номзодларни саралаш жараёнлари бошланди.

2022 йил 1 мартга қадар етакчилар учун янги жорий этилаётган тизимнинг туб моҳияти ва самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш бўйича ўқув семинарлари ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, ёшлар ҳар қандай миллат, юртнинг эртаси саналади.

Айниқса, бугунги глобаллашув даврида ёшларга ҳаётда муносиб ва ўз ўрнини топиб бериш орқали юксалишга эришиш мумкин. Зеро, жамиятнинг барча жабҳаларида фаол, ўз касбининг етук мутахассиси бўлиб вояга етган ёшлар бугунимиз ва эртамизнинг ҳақиқий давомчилари ҳисобланади.

Эркинжон МАҲМУДОВ,
Қўқон шаҳар адлия бўлими бошлиғи

ЎзА