Гулистон шаҳридаги Президент мактабида жадидчилик ҳаракатининг етакчи шахсларидан бири, таниқли драматург ва публицист Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги муносабати билан махсус кино намойиши бўлиб ўтди.
«Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига асосан суратга олинган “Маҳмудхўжа Беҳбудий” бадиий фильми мактаб ўқувчилари томонидан катта қизиқиш билан томоша қилинди. Фильм орқали ёшлар 19‑аср охири ва 20‑аср бошларидаги ижтимоий ва сиёсий бурилишлар, жадидчилик ҳаракатининг ривожи ва даврнинг мураккаб шароитлари ҳақида атрофлича тасаввурга эга бўлишди.

Картинада Беҳбудийнинг янги мактаблар очиш, дунёвий ва жадид услубда таълим‑тарбия бериш, ижодий фаолиятлари ва жадидчилик ҳаракати доирасидаги ишлари кенг ёритилган. Шунингдек, биринчи ўзбек драма асари “Падаркуш”нинг яратилиши ва саҳналаштириш жараёнлари ҳам фильмда акс эттирилган.
Фильм 2002 йилда суратга олинган, кейинчалик қайта ишланиб, қўшимча тасвирга олиш ишлари амалга оширилган. Сценарий муаллифлари — Улуғбек ва Бақо Содиқовлар, режиссёр — Бақо Содиқов, иккинчи режиссёр — Муаттар Мирражабова, постановкачи оператор — Равшан Мусаев. Картинада Фахриддин Шамсиматов, Афзал Рафиқов, Яйра Абдуллаева ва бошқа актёрлар асосий ролларни ижро қилишган.

Томоша давомида ўқувчилар Беҳбудийнинг халқ маърифатини ошириш йўлидаги фидокорона хизматиларидан, шунингдек, жадидлар даврдаги синов ва қийинчиликлардан ҳам воқиф бўлишди.
– Бундай маънавий тадбирлар ёшлар қалбида тарихга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлайди, тинч ҳаётимиз қадрини англаш ва берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланишга ундайди, – деди Гулистон шаҳридаги Президент мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шоҳиста Намозова.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири