Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган янги лойиҳага 10 миллион доллар ажратилди
09:07 / 2022-09-29

Бугунги кунда давлатимиз раҳбарини, қолаверса ҳар бир ота-онани ўйлантиридиган муҳим масалалардан бири фарзандларимизнинг етук мутахассис бўлиб етишиши, ўғил-қизларимиз ўз ватанида, оиласи бағрида иш билан банд бўлишидир. Сир эмас, умумтаълим мактаблари битирувчилари билан олий ўқув юртлари нисбати кескин фарқ қилиши, мавжуд имконият илмга чанқоқ ёшлар эҳтиёжини қондира олмаслиги натижасида минглаб ёшларимиз олий таълим олиш мақсадида яқин-узоқ мамлакатларга чиқиб кетяпти.

Эътироф этиш керак, Президентимиз ташаббуси билан кўрилган чора-тадбирлар самараси ўлароқ, мактаб битирувчиларини олий таълимга қамраб олиш даражаси 2017-2022 йилларда 9 фоиздан 40 фоизга кўтарилди. Бинобарин, қолган олтмиш фоиз ёшларни ҳам тўлиқ бандлигини таъминлаш долзарб вазифалигича қолмоқда.

Ёшлар бандлигини таъминлаш, уларга замонавий касб-ҳунар ўргатиш йўлидаги ислоҳотларда давлат ташкилотлари билан бирга халқаро ташкилотлар ҳам фаол иштирок этмоқда. Бу борада Америка Қўшма Штатлари билан изчил ҳамкорлик йўлга қўйилган. 2019 йил сентябрь ойида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида имзоланган шартнома умумий қиймати 50 миллион долларлик грант лойиҳасини таълим соҳасига жалб этилишини кўзда тутади. Ушбу маблағ доирасида АҚШ ҳукумати вакиллари ва мамлакатимиз Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида бир неча лойиҳа ишга туширилган.

Яқиндагина АҚШ Тараққиёт агентлиги (USAID) ёшларни иш билан таъминлаш ва уларга касб-ҳунар ўргатишга қаратилган яна бир янги қўшма лойиҳа учун 10 миллион доллар ажратди.

“Ўзбекистон ёшларида ишга жойлашиш кўникмасини шакллантириш” (YES) деб номланган бу дастур 8-11-синф ўқувчилари малакали ишчи ёки тадбиркор сифатида фаолият юритиш учун зарур кўникма эгаллашига кўмаклашади. Шу орқали ёшлар бандлиги таъминланади.

Эътиборли жиҳати шундаки, лойиҳа мактаб ва мактабдан кейинги жараённи қамраб олиб, қизлар ва имконияти чекланган ёшларнинг ҳам жамиятдаги ролини ошириш, давлатимиз иқтисодиётида кам ифодаланган гуруҳлар имкониятини кенгайтиришга қаратилган.

- Ёшларнинг турмуш сифатини яхшилаш, уларни келгусида меҳнат фаолиятига, тадбиркорликка тайёрлашга кўмаклашишни ташкил этиш Президентнинг доимий эътиборида эканига гувоҳмиз, - дейди АҚШнинг Ўзбекистондаги Муваққат ишлари вакили Пол Политис. - АҚШ ҳукумати мамлакатингизда соғлиқни сақлаш, таълим соҳалари ривожига, ёшлар бандлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшишни истайди. Агар биз ёшлар тарбиясини олий мақсад қилиб, уларни тараққиётга ҳамкор сифатида жалб қилсак, улар ўзлари яшаётган жамият ва давлатнинг иқтисодий юксалишига, демократия, барқарорлик ҳукм суришига ҳисса қўшади. Маълумотларга қараганда, республикада яқин 10 йил мобайнида ҳар йили 500 мингга яқин ёш меҳнат бозорига киради. Бу ёшлар - Ўзбекистон келажаги. Биз ёшларга мавжуд имкониятдан тўлиқ фойдаланиши, ҳақ тўланадиган иш топиши ва тадбиркорлик кўникмасини эгаллашида ёрдам беришимиз керак. Навбатдаги лойиҳа, айниқса, меҳнат бозорида иштирок этиш ва иқтисодий жиҳатдан ўзини-ўзи таъминлашда тўсиқларга дуч келаётган ёшлар, аёллар ва ногиронлар учун кенг имконият эшигини очади, деб ўйлаймиз.

«YES» ёшларга мустақил ҳаётни муваффақиятли қуриш, Ўзбекистон меҳнат бозорига мос билим ва кўникма олиш имконини тақдим этади. Лойиҳа масъуллари амалий машғулот олиб бориш ва мураббийлик қилиш учун шароит яратиш мақсадида хусусий сектор билан яқин ҳамкорлик қилади.

Ажратилган 10 миллион доллар 5 йил давомида ўзлаштирилади, - дейди халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжонов. - Бу даврда ёшларни мактабдаёқ касбга ўргатадиган, уларни қизиқиши бўйича мутахассисликка йўналтирадиган аниқ механизм ишлаб чиқилади. Шу билан бирга технология, иқтисодиёт, тадбиркорлик асослари каби мавжуд дарсликларни такомиллаштириб, замон талабига мослаш кўзда тутилган. Лойиҳа доирасида ўқитувчилар ҳам ўқитилади, уларнинг малакаси оширилади. Қизларни, имконияти чекланган ёшларни талабгир касбларга ўқитишга алоҳида урғу берилади.

Дастур давомида 7 синфдан 11 синфга қадар ўғил-қизларнинг қизиқиши, билими ва кўникмаси уларнинг руҳиятидан келиб чиқиб ўрганилади. Кўрсаткичлар таҳлил асосида мониторинг қилинади. Натижада ота-оналар мактабни битирган фарзанди қайси соҳага қизиқиши, келажакда қандай касбни танласа, муваффақиятга эришиши мумкинлиги ҳақида маълумотга эга бўладилар.

Айтиш жоиз, ушбу тажриба Германия, Жанубий Корея, Финландия каби бир қатор ривожланган давлатларда юқори натижа берган.

Тан олиш керак, ҳозир мамлакатимизда аёллар ва имконияти чекланган ёшлар бандлигини таъминлаш талаб даражасида эмас. Айни қатлам мамлакатда жуда кам фойдаланилган ресурс бўлиб қолаётгани маълум.

Шу маънода мазкур лойиҳа орқали қизлар ва ногирон ёшлар имкониятини кенгайтиришга алоҳида урғу берилаётгани эътиборли. Лойиҳа доирасида ногиронлиги бўлган ўқувчи-ёшлар учун бизнес, тадбиркорлик менежменти ва ахборот технологиялари соҳаларини ўрганиши учун махсус дарсликлар яратилади. Тегишли касблар бўйича ўқув курслари ташкил этилади.

- Икки йил олдин мактабни битирдим, - дейди Отабек Саримсоқов. - Биз ўқиган пайт иқтисодиёт, бизнес, компьютер технологиялари каби фанлар бўйича дарслик йўқ эди. Менга ўхшаган кўплаб имконияти чекланган тенгдошларим билимини ошириш, маълум касб эгаси бўлиш учун олий ўқув юртига киришни истайди. Жумладан, мен ҳам олий маълумотли дефектолог-педагог бўлишни орзу қиламан. Ишонаман, ушбу лойиҳа орқали биз қизиқишимизга оид дарсликларга эга бўламиз, ҳаётда ўрнимизни топамиз.

Маълумот ўрнида айтиш керак, лойиҳа масъуллари амалиётга устувор аҳамият беришади. Тадбиркорлик, иқтисодиёт бўйича ўқув дастурлари, ўқитиш амалиётини ишлаб чиқади ва такомиллаштиради. Дастур ёшларнинг билим ва кўникмасини Ўзбекистон меҳнат бозорига мослигини таъминлаш учун хусусий сектор билан мунтазам ҳамкорлик қилади. Ёшларга амалий машғулот ўтказиш, жумладан, иш тажрибасига эга бўлиш, мураббийлик қилиш, мутахассис ишини кузатиш имкониятини тақдим этади. Дастур халқаро таълим бўйича Америка кенгашлари, маҳаллий ва халқаро шериклар консорциуми томонидан амалга оширилади.

Бир сўз билан айтганда, мазкур лойиҳа улкан мақсадларни кўзлаган. Бу йўлдаги саъй-ҳаракатлар мамлакатимиз фаровонлигини таъминлашга, ёшларимиз ҳаётини мазмунан бойитишга хизмат қилади. Энг асосийси, ўғил-қизларимиз ўз ҳаётидан, қилаётган меҳнатидан мамнун бўлиб яшашга одатланади.

Гўзал САТТОРОВА,

ЎзА мухбири