Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар бандлигини таъминлаш масаласи муҳокама қилинди
21:41 / 2025-11-22

Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманида ишсизликни камайтириш, шу жумладан олий таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2025 йил 19 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳаллаларда аҳоли даромадларини ошириш, камбағалликни қисқартириш, ишсизликни камайтириш ҳамда 2026 йил учун белгиланган устувор вазифалар батафсил муҳокама қилинган эди. Йиғилишда, хусусан, ёшлар бандлигини таъминлаш, олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш ва уларга муносиб касб-ҳунар кўникмаларини бериш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Ушбу топшириқлардан келиб чиқиб, туманда Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Орал Атаниязова, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Аманжол Аяпов иштирокида кенг қамровли мажлис ўтказилди.

Унда ҳудудда ёшлар бандлигини таъминлаш, талаба-ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларни меҳнат бозорларига мослаштириш ва битирувчиларнинг барқарор иш ўринларига эга бўлишини таъминлаш масаласи атрофлича муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, ўз вақтида профессионал малака олган ва муносиб иш билан таъминланган ёшлар нафақат шахсий фаровонликка эришади, балки ҳудуд ва мамлакат тараққиётига ҳам сезиларли ҳисса қўшади.

Мажлис доирасида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети масъул вакиллари тумандаги бир қатор корхона ва ташкилотларда бўлиб, олий таълим муассасаси битирувчиларининг реал ишга жойлашиш кўрсаткичи, уларнинг меҳнат шароити, ишлаб чиқариш жараёнларидаги иштироки ва касбий мослашув ҳолати билан танишишди.

Ташриф давомида иш берувчилар билан учрашувлар ўтказилиб, мавжуд эҳтиёжлар, талаб этилаётган мутахассисликлар ҳамда истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА