Андижонда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, ўз имконият ва салоҳиятларини юзага чиқаришларига кўмаклашиш, айниқса, бандлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Бугунги кунда вилоят аҳолисининг қарийб 55 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Улар орасидаги ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаини шакллантириш бўйича вилоят ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вилоят бошқармалари ҳамкорлигида барча туман ва шаҳарларда зарур ишлар олиб борилмоқда.
Хонобод шаҳрида ишсиз ёшларни ўзига муносиб, ўзлари қизиққан иш билан таъминлаш, муносиб иш шароитларини яратишга қаратилган турли тадбирлар ўтказилмоқда. Хусусан, шаҳар ҳокими ташаббуси ва раҳбарлигида 100 нафарга яқин битирувчи ҳамда ишсиз ёшлар шаҳарнинг Янги ҳаёт маҳалласида жойлашган, “Evita” бренди остида минерал ичимлик суви ишлаб чиқараётган “Water Life Mineral” масъулияти чекланган жамияти, шунингдек, шаҳардаги “Олтин водий текстил” ишлаб чиқариш корхонасига саёҳат ташкил этилди.
[gallery-24238]
Саёҳат давомида иштирокчиларга ҳар икки корхонадаги бўш иш ўринлари бўйича маълумотлар берилди, меҳнат шароитлари, ёшларга яратилган имкониятлар билан таништирилди.
Саёҳат якуни бўйича 7 нафар ёш ана шу корхоналарга ишга жойлаштирилди.
Ана шундай тадбирлардан бири Марҳамат туманида ташкил этилди. Тумандаги ишсиз ёшлар Андижон туманидаги “Ипак йўли” эркин иқтисодий зонасида жойлашган ишлаб чиқариш корхоналарида бўлди.
Ёшлар саноат ҳудудидаги Хитой компанияси томонидан ишга туширилган қалампир маҳсулотларини қайта ишлаш, қалампирдан саноатда бўёқ ишлаб чиқариш корхонаси, шунингдек, иситиш тизимлари учун батарейка ва бошқа қурилмалар ишлаб чиқарувчи завод фаолияти, ушбу корхоналардаги иш жараёнлари билан яқиндан танишди.
Ишлаб чиқариш жараёнларини кўрган ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасаддилардан батафсил жавоб олди.
Тадбирда қатнашган кўплаб ёшлар мазкур корхоналарда ишлаш, даромад топиш истагини билдирди. Уларга ишга жойлашиш тартиблари ҳақида маълумотлар берилди.
Ишсиз ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган юқоридаги каби тадбирлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ташкил этилмоқда.
Ф. Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.