Ховос тумани ҳокимлигида оталиққа олинган ва “қизил” тоифага киритилган ёшлар билан индивидуал ишлаш, уларни доимий иш билан таъминлаш ҳамда ижтимоий барқарорликка интеграция қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Тумани прокурори ва Ички ишлар бўлими бошлиғи раҳбарлигида ўтказилган учрашувда маҳалладаги ёшлар етакчилари, ёшларга бириктирилган туман ташкилотлари раҳбарлари ҳамда мазкур масалага масъул шахслар иштирок этишди.

Учрашувда таъкидланишича, “Ёшлар баланси” тизимига кўра, 21 854 нафар ёшнинг 16 189 нафари “яшил”, 5 006 нафари “сариқ” ва 389 нафари “қизил” тоифага киритилган. Шу боис, “қизил” тоифадаги ёшлар билан индивидуал ишлаш энг устувор вазифа сифатида белгиланди.
Ушбу тоифага киритилган 153 нафар ёшни доимий ишга жойлаштириш, 16 нафарини тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш, 68 нафарига ер майдони ажратиш, 7 нафарини миграцияга йўналтириш ва 4 нафарини субсидия орқали банд қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, ишсиз ёшлар ва оталиққа олинган ёшлар билан ишлашни мувофиқлаштириш мақсадида ҳуқуқ-тартибот ва мудофаа органлари кесимида штабларга ҳар биридан бир нафар масъул ходимни сафарбар қилиш, оғир тоифадаги ва ишсиз ёшлар билан шахсан учрашиб, ҳар бири учун манзилли “йўл харита”си ва чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш, ҳар ойда камида икки маротаба ёшлар ва уларнинг ота-оналари (қонуний вакиллари ва ҳомийлари) билан шахсан учрашиш вазифаси белгиланди.
– Ушбу чора-тадбирлар ёшларни ижтимоий фаолликка жалб қилиш, оилавий ва маиший муаммоларини ўз вақтида ҳал қилиш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Бу борада ҳуқуқ-тартибот органлари ва маҳалла раҳбарлари билан ҳамоҳангликда олиб борилаётган ишлар ёшлар орасида ҳуқуқбузарлик ва ижтимоий хавфларни камайтиришга хизмат қилади, – деди тадбирда иштирок этган туман ҳокимининг ўринбосари Азиз Расулов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири