Юртимизда ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни ишбилармонлик ва замонавий касбларга йўналтиришга қаратилган ислоҳотлар янги босқичга кўтарилди. Эндиликда ҳар бир ташаббус ортида ёш авлоднинг орзулари, меҳнатга бўлган иштиёқи ва янги имкониятлар бўй кўрсатиб туради.
Бугунги кунда мамлакатимиз тараққиётининг асосий омили бўлган ёшлар бандлигини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар изчил давом этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 14 февралдаги “Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Жиззах вилоятида ҳам бир қатор амалий ташаббуслар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Шу мақсадда Зомин тумани саноат зонасидаги “Artel” заводида вақтинча ишсиз ва битирувчи ёшлар учун танишув ҳамда экскурсия ташкил этилди. Ушбу ташаббус орқали ёшлар ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишиб, замонавий технологиялар, меҳнат шароитлари ҳамда иш жараёнидаги имкониятлар ҳақида бевосита маълумот олишди.

Ушбу тадбир Жиззах вилояти ва Зомин тумани ҳокимликлари, вилоят прокуратураси, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Ёшлар ишлари агентлиги Жиззах вилоят ҳудудий бошқармалари ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилди.
Тадбир давомида Жиззах воҳасининг барча ҳудудларидан 3 минг нафарга яқин ёшлар иштирок этишди. Улар учун мутахассислар томонидан бўш иш ўринлари, меҳнат шартлари ва касбга йўналиш бўйича тавсиялар берилди. Натижада, шу тадбирнинг ўзида 650 нафардан ортиқ ёшлар ишга жойлашиш учун рўйхатдан ўтиб, зарур ҳужжатларни расмийлаштиришга киришдилар.
Абдужалол Қаюмов (сурат), ЎзА мухбири