Бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш ва барқарор даромад манбаи яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Айниқса, ҳудудларда кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш янги иш ўринлари яратиш, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Бу борада жойларда амалга оширилаётган аниқ лойиҳалар ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Бухоро тумани “Туркон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи тадбиркор Маржона Умурованинг тикувчилик цехи ана шундай ибратли ташаббуслардан бири ҳисобланади. У 2022 йилда имтиёзли кредит маблағлари асосида ўз фаолиятини йўлга қўйган бўлиб, дастлаб кичик ҳажмда аёллар кийимларини тикиш билан иш бошлаган эди.

Ҳозир цехда замонавий тикув ускуналари ўрнатилган бўлиб, бозор талабига мос, сифатли ва замонавий аёллар кийимлари ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотлар нафақат маҳаллий бозорда, балки қўшни ҳудудларда ҳам харидор топмоқда. Бу эса кичик бизнеснинг рақобатбардошлигини ошириш ва даромадни кўпайтиришга хизмат қилмоқда.

Энг муҳими, мазкур цехда 6 нафар ёш доимий иш билан таъминланган. Улар барқарор ойлик маош олиб, ўз оиласига муносиб ҳисса қўшмоқда. Шу билан бирга, Маржона Умурова бир неча шогирдларга устозлик қилиб, уларга тикувчилик сир-асрорларини ўргатмоқда. Бу эса нафақат ёшлар бандлигини таъминлаш, балки уларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, касб-ҳунарли этиб тарбиялашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

– Болалигимдан тикувчиликка қизиққанман, –дейди ёш тадбиркор Маржона Умурова. –Аввал уй шароитида буюртмалар асосида иш бошлаганман. Кейин талаб ортиб боргач, фаолиятимни расмийлаштириш ва кенгайтиришга қарор қилдим. Имтиёзли кредит имконияти менга катта туртки берди. Ҳозир 6 нафар ёшни доимий иш билан таъминлаганмиз.

Тадбиркорнинг келгуси режалари ҳам аниқ. Унинг маҳалладаги бўш турган бинодан фойдаланиш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш тўғрисидаги мурожаати ижобий ҳал этилди. Натижада яқин келажакда қўшимча иш ўринлари яратиш, маҳсулот турларини кўпайтириш ва ишлаб чиқариш қувватини янада ошириш имконияти пайдо бўлди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири